АҚШнинг Иммиграция ва божхона назорати хизмати маълумотича, мамлакатдан украиналик қочоқларнинг дастлабки гуруҳи чиқарилди. Бу жараён «Единение ради Украины» (Uniting for Ukraine — U4U) дастури доирасида келган юз минглаб инсонлар учун хавотир уйғотмоқда.
The Wall Street Journal ёзишича, охирги икки йилда АҚШга келган 120 мингга яқин украиналикнинг вақтинчалик ҳуқуқий мақоми яқин кунларда тугаши мумкин. Агар Оқ уй ушбу дастурни узайтирмаса, улар ҳам депортация хавфи остида қолади.
U4U дастури орқали АҚШга кирганлар икки йилгача яшаш ҳуқуқини олган, асосий шарт сифатида америкалик хусусий ҳомийга эга бўлиш белгиланган. Жами шу йўл билан чорак миллионга яқин киши мамлакатга кирган. Шу билан бирга, 2023 йил 16 августгача келган айримлар ҳали ҳам алоҳида «вақтинчалик муҳофаза мақоми» (Temporary Protected Status) дастурига киради.
Президент Дональд Трамп эса аввалроқ иммиграция сиёсатини кескин кучайтириш тарафдори эканини айтган ва ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режасини билдирган эди. Шу сабабли, келгуси қарорлар АҚШдаги минглаб украиналик қочоқлар учун ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.