Айрим минтақалардаги нотинчликлар экспорт тушумларининг ўз вақтида қайтарилишини қийинлаштирмоқда. Натижада тадбиркорлар пули келиб тушмаган бўлса ҳам муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарима тўлашга мажбур бўлиб қолмоқда.
Бу масалани кўплаб тўқимачилик корхоналари ва мева-сабзавот экспортчилари кўтариб, давлатдан енгилликлар сўраган. Президент уларнинг таклифларини ўрганиб чиқиб, аниқ ечимни билдирди.
Энди давлат улушига эга бўлмаган корхоналар учун экспортда муддати ўтган қарздорлик бўйича жарима ҳисоблаш ва ундиришга бир йиллик мораторий эълон қилинади.
Саноат инфратузилмасига қўшимча маблағ йўналтирилади
«Жорий йилда ҳудудларда саноат инфратузилмасини ривожлантириш учун 1,7 трлн сўм ажратилган бўлса, келгуси йилда бу кўрсаткич 25 фоизга кўпайиб, 2,1 трлн сўмга етказилади. Шунингдек, пойтахтда тадбиркорлар сони кундан-кунга ошиб бораётганини ҳисобга олиб, электр тармоқларини яхшилаш мақсадида яна 2 трлн сўм йўналтирилади. Иқтисодиёт барқарор ўсгани сари янги инфратузилмага бўлган талаб ҳам ортади», — деди Президент.
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликнинг турли йўналишларида янги ташаббусларни тақдим этиб, улар бугундан кучга киришини маълум қилди.
Қисқа вақтда иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадини оширишда энг самарали йўналишлардан бири — хизматлар соҳаси. Шу боис бу тармоқни жадал ривожлантириш асосий вазифа қилиб белгиланди.
Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан Ўзбекистонга 7 миллионга яқин хорижий сайёҳ келган, ички туризмда эса 15 миллион нафар аҳоли иштирок этган. Бу кўрсаткич келгуси йилларда янада ортиши кутилмоқда.
Президент таъкидлаганидек, 3–4 йил ичида мамлакатга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар оқими камида 15 миллион нафарга етказилади. Шу мақсадда туризмни ривожлантириш бўйича янги дастур амалга оширилади.
Меҳмонхона қуриш учун ерлар аукционга чиқарилади
Президент Шавкат Мирзиёев туризм ва меҳмонхона соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича янги имкониятларни эълон қилди. Келгуси уч йилда туризм масканлари ва меҳмонхоналар қуриш учун жами 5 минг гектар ер аукционга чиқарилади.
«Янги тартибга кўра, ер сотиб олиш учун тадбиркорлардан тўлов ундирилмайди. Бу маблағ давлатнинг лойиҳада улушдор сифатида иштирок этиши сифатида ҳисобланади. Тадбиркорлар эса 10 йил ичида исталган вақтда ушбу улушни давлатдан қайта сотиб олиш имконига эга бўлади. Агар тўлов олдиндан амалга оширилса, 20 фоиз чегирма берилади».
Шунингдек, вилоят марказлари ва туризмга ихтисослашган 36 та туманда меҳмонхона қуриш учун 7 йиллик, 2 йиллик имтиёзли давр билан 30 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Бошқа ҳудудларда эса кредит миқдори 10 миллиард сўмгача бўлади.
Янги меъёрга кўра, давлат объектлари ёки хусусий биноларни сотиб олиб, уларни меҳмонхонага айлантираётган тадбиркорлар ҳам аввал фақат янги қурилишга бериладиган субсидиядан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Шу билан бирга, ҳозиргача меҳмонхона эгалари ҳар бир турист учун кунига 62 минг сўмгача туристик йиғим тўлаб келаётган бўлса, энди бу талаб фақат Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари ва йирик туризм ҳудудларигагина тааллуқли бўлади. Қолган жойлардаги меҳмонхоналар ушбу йиғимдан озод этилади.