Энди криминоген маҳаллаларда сунъий интеллектга уланган камералар ўрнатилади

11:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Шунингдек, низоли оилалар ҳолатидан ҳар 3 кунда хабар олиш ва жамоат жойларида «ташвиш» тугмалари ўрнатиш кўзда тутилган.

Kamera

Ўзбекистон Президентининг 18 августдаги қарорига кўра, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича янги механизмлар ишга туширилади. Қарорнинг асосий мақсади хавфли ҳудудларни замонавий технологиялар билан қамраб олиш ва аҳолининг мулк хавфсизлигини кучайтиришдан иборат.

Ҳужжатга кўра, криминоген вазияти мураккаб маҳаллалар махсус дастурий таъминотга интеграция қилинган кузатув камералари билан таъминланади. Бу орқали реал вақтда назорат қилиш ва жиноятларнинг олдини олиш имконияти ошади.

Қарор билан «Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар» Концепцияси тасдиқланди. Унинг мақсади – маҳаллаларда жиноятчиликни барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳит яратиш.

Концепцияга кўра, туман (шаҳар) ички ишлар бошлиқлари ва прокурорлар хизмат хоналари 2025 йил якунигача маҳаллаларда очилади. Шунингдек, босқичма-босқич маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолият бошлайди.

Низоли оилалар ҳолатидан ҳар 3 кунда хабар олиш, тарғибот ишларини олиб борувчи «маҳалла тарғиботчиси» жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ва жамоат жойларида «ташвиш» тугмалари ўрнатиш кўзда тутилган.

Шунингдек, жорий йил якунига қадар жисмоний шахслар мулкини техник қўриқлаш қамровини 30 фоизга, юридик шахслар мулкини эса 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу чоралар орқали мулкий жиноятларнинг олдини олиш самарадорлиги кескин ошиши кутилмоқда.

Қарорда ички ишлар тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам акс этган. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги Академиясида масофавий таълим шакли жорий этилади ва бакалавриат дастури бўйича қабул квоталари босқичма-босқич кўпайтирилади. Бу эса келгусида профессионал тарбияланган кадрлар захирасини яратишга хизмат қилади.

Мутасаддиларга кўра, мазкур чора-тадбирлар маҳаллалардаги жиноятчилик хавфини камайтириш, аҳоли хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қаратилган.