Финтех ва стартаплар учун «очиқ банкинг» тизими жорий этилади

15:15 | 5 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда рақамли иқтисодиёт ва финтех соҳасини ривожлантиришга оид янги чора-тадбирларни эълон қилди.

Majlis

Охирги уч йилда мамлакатда маркетплейслар сони 24 тадан 163 тага етди. Бу IT ва стартапларга очилган кенг имкониятлар ҳамда тадбиркор ва ҳунармандларнинг маҳсулотини рақамли платформалар орқали экспорт қилишга ўрганаётганидан далолат беради.

Экспортни рағбатлантириш мақсадида тадбиркорлар миллий ва хорижий маркетплейсларда сотилган товарлари учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш имкониятига эга бўлади. Президент мутасаддиларга бунинг тартибини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этишни топширди.

Шунингдек, финтех-стартапларни кўпайтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича беш йиллик стратегия қабул қилинади. Янги экотизим сифатида банклар, финтех компаниялар ва стартаплар ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган “очиқ банкинг” тизими жорий этилади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий ресурслар йўналтирилади

Жорий йилда банклар тадбиркорлик лойиҳалари учун 6 млрд доллар ресурс жалб қилмоқда. Келгуси йилда эса кичик ва ўрта тадбиркорликни мақсадли қўллаб-қувватлаш учун алоҳида 1 млрд доллар қулай шартларда йўналтирилади.

Шу билан бирга, Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси қўшимча 7 трлн сўм ажратиб, 10 мингта лойиҳани молиялаштиради. Мазкур маблағлар доирасида «чемпион тадбиркор»ларни кўпайтириш мақсадида банклар орқали ҳар бир лойиҳага 10 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Ишлаб чиқариш, сервис ва «яшил иқтисодиёт» лойиҳалари учун 500 млн сўмгача тижорат кредитлари қайта молиялаштирилади. Натижада ҳар йили 100 мингдан ортиқ тадбиркорлар оладиган кредит фоизи 6 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

«Аввалги кредити бўйича ўз вақтида тўлов қилган ва компаниядан кафиллик олган тадбиркорлар учун янги кредитларда кафиллик миқдори 1,5 карра оширилади. Энди йирик тадбиркорлар ҳам компания орқали 10 млрд сўмгача кафиллик олиш имконига эга бўлади» — деди давлат раҳбари.

Фойда солиғидаги аванс тўлови тартиби енгиллаштирилади

«Очиқ мулоқотлар бошланганда асосий талаблар солиқ ставкаларини пасайтириш билан боғлиқ эди. Кейинги йилларда бу йўналишда катта ишлар қилинди ва сўровномаларга кўра, аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг 79 фоизи бизнесни қўллаб-қувватлаш шароитлари анча яхшиланганини таъкидлаган» — деди Президент.

Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 млрд сўмдан ошган корхоналар фойда солиғини аванс тўлашга мажбур эди. Бу эса уларнинг айланма маблағларида муаммо туғдираётгани айтилди.

Янги қарорга мувофиқ, эндиликда аванс тўлов тартиби фақат йилига 50 млрд сўмдан ортиқ айланмага эга корхоналарга қўлланилади. Натижада 19 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 2 трлн сўм айланма маблағ қолади.