Оилавий меҳмон уйлари ва курорт зоналари учун янги имкониятлар яратилади

14:15 | 7 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев туризм инфратузилмаси ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор янгиликларни эълон қилди.

Mehmon uylari

Амалдаги тартибга кўра, оилавий меҳмон уйларида бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача турист қабул қилишга рухсат этилган эди. Энди бу чеклов икки баробарга оширилади. Бу эса маҳаллий аҳолининг туризмдан оладиган даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, маҳаллий меҳмонхоналар ва оилавий меҳмон уйлари ўртасида йиллик танлов ўтказиш таклиф этилди. Мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлиб, халқаро платформаларда кўп ижобий баҳолар олган ва сайёҳлар эътиборини қозонган хизмат кўрсатувчилар ҳар йили тақдирланади.

Президент таъкидлаганидек: — «Қайси ҳудудда инфратузилма яхши бўлса, ўша ер тадбиркорлар учун жозибадор бўлиб, сервис гуркираб ривожланади. Шу мақсадда йирик туристик масканлар сони кўпайтирилади.

Жумладан, Чортоқнинг Қорабоғ маҳалласи, Фарғонанинг Чимён ҳудуди, Бойсун туманидаги Омонхона ва Нурободдаги Нурбулоқ шаҳарчасида мастер-режа асосида 300–500 гектарли замонавий курорт зоналари ташкил этилади. Улар йилнинг 12 ойида тинимсиз хизмат кўрсатиши режалаштирилган».

Мазкур йирик лойиҳалар инфратузилмаси учун давлат томонидан 150 миллион доллар йўналтирилади. Мутаҳассислар фикрича, бу ўзгаришлар мамлакат туризм салоҳиятини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда.

Давлат объектлари ва ер участкалари ижара нархи инфляция даражасидан оширилмайди

Жорий йилда 16 та туманни жадал ривожлантириш учун 1,1 трлн сўм ажратилди. Жаҳон банки ҳам бу дастурларни қўллаб-қувватлаб, 250 млн доллар маблағ ажратди.

Келгуси йилда яна 30 та туманда шундай ишларни амалга ошириш учун 500 млн доллар йўналтирилади. Президентнинг таъкидлашича, бу чоралар саноат, сервис ва қурилиш соҳаларида тадбиркорлар учун катта имконият яратиб, юз минглаб янги иш ўринлари ташкил этишга хизмат қилади.

1,1

Энди давлат объектлари ва ер участкалари ижарасида йиллик нарх инфляция даражасидан ортиқ оширилмайди. Шунингдек, келгуси йилдан давлат активлари беш йил муддатга ижарага берилади. Фақат ижарачи ўзи хоҳлаганда ёки мажбуриятлар бажарилмаганда шартнома бекор қилиниши мумкин.

«Ижара муносабатларига оид қонунчиликни янгилаш зарур. 1991 йилда қабул қилинган «Ижара тўғрисида»ги қонун асосан давлат манфаатини ҳимоя қилган бўлса, янги таҳрирда ижарачи ва ижара берувчи ҳуқуқлари тенг тарзда таъминланади».

Хусусий боғча ва мактаблар учун янги имтиёзлар берилади

Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббусларни эълон қилди.

22

Охирги саккиз йилда мамлакатда хусусий боғчалар сони 31 мингтага, хусусий мактаблар эса 645 тага етди. Бу хусусий сектор учун очилган кенг имкониятлар самарасидир.

«Энди боғча қамрови 70–80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароит яратилади. Аввало, мазкур туманлардаги давлат боғча ва мактабларининг бўш ерларида хусусий шериклик асосида боғча қуришга рухсат берилади» — деди Президент.

Янги тартибга кўра, тадбиркорлардан ер учун ижара ҳақи 30 йил давомида ундирилмайди. Шунингдек, давлат томонидан ҳар бир болага белгиланган харажатнинг ярми субсидия қилиб берилади.

Бундан ташқари, ушбу туманларда бошқа жойларда боғча ташкил қилмоқчи бўлган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли имтиёзли кредит ажратилади. Фаолияти ўзгартирилмаган ҳолда ер текинга берилади, ижтимоий солиқ миқдори 1 фоиз қилинади, тарбиячиларнинг маоши эса уч йил давомида давлат ҳисобидан тўлаб берилади.