Ўзбек-қозоқ чегарасидаги яширин йўл, «Толибон» буздирган Навоий ҳайкали ва 81,79 млрд сўмга сотилган олтин конлар — 20 август дайжести

22:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest

Тошкент вилоятида 2 тонна олтин захирасига эга бўлган кон сотилди

Оҳангарон туманидаги тахминий 2 тонна олтин захирасига эга «Терекли» участкаси 81,79 млрд сўмга сотилган. 19 август куни E-auksion платформасида ўтказилган савдолар қарийб 12 соат давом этди. Жами 377 қадамдан сўнг «Toyloq Toza Hudud» компанияси ғолиб бўлиб, 6,5 млн долларга тенг таклиф билан участкада геологик тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу сумма бошланғич нархдан деярли 20 баробар юқори.

«Терекли» участкаси Шаугаз қишлоғидан 9,6 км жануби-шарқда жойлашган бўлиб, умумий майдони 65 гектарни ташкил этади. Захиралари тахминан 2 тонна олтинга баҳоланган.

 

Қорақалпоғистонда жамоат транспорти нархи оширилди

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қарорига кўра, энди автобусларда йўловчи сафар учун нақд пулда 2600 сўм тўлайди. Банк картаси, ATTO ёки транспорт карталаридан фойдаланган ҳолда эса йўлкира 2000 сўм қилиб белгиланди. Шунингдек, шаҳар ичи ва туман марказидан бошланувчи шаҳарлараро йўналишли таксиларда 5 km гача бўлган масофа учун йўл ҳақи 3000 сўм этиб белгиланди. Бу тарифга қўшилган қиймат солиғи ҳам киритилган.

Қарорда ойлик ва йиллик абонемент нархлари ҳам белгиланган. Оддий йўловчилар учун автобус абонементи ойига 200 минг сўм, йилига эса 1 млн 642 минг сўм бўлади. Пенсионерлар, ногиронлар, талабалар ва ўқувчилар учун бу тариф ярим қийматда — ойига 100 минг сўм, йилига эса 912 минг сўм қилиб белгиланди.

 

«Толибон» Мозори Шариф шаҳрида жойлашган Алишер Навоий ҳайкалини бузиб ташлади

Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳайкалини бутунлай бузиб ташлади. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида «Толибон» муваққат ҳукумати вакиллари билан боғланди.

Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган. Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган.

 

Саида Мирзиёева Садир Жапаров билан учрашди

Бишкекда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан Бишкекда учрашув ўтказди. 20 август куни бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёшлар сиёсати йўналишида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди. 

Шу билан бирга, Мирзиёева чегара масалалари бўйича муваффақиятли келишувлар, миллий ID ҳужжатларини ўзаро тан олиш, қўшма корхоналар ҳамда Қамбарота ГЕС-1 ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли каби йирик умумий лойиҳаларни энг яқин қўшни ва стратегик ҳамкор сифатида муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлигини айтиб ўтган.

 

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида бензин контрабандасига мўлжалланган ерости йўли топилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида 450 метр узунликда ер ости қувури орқали ноқонуний бензин ташиш ҳолати фош этилди. Туркистон вилоятида кўрилган суд ишида беш нафар шахс айбдор деб топилди: гуруҳ раҳбари 15 йилга, тўрт нафар аъзоси эса 13 йилга қамалди. Давлат фойдасига 3 миллион тенге, 16 минг литр бензин ҳамда бир нечта юк машиналари мусодара қилинди. 

Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ 2024 йил августдан декабрга қадар божхона назоратидан ташқарида 420 тоннадан зиёд АИ-92 бензинини Ўзбекистонга олиб кирган. Унинг қиймати 112 миллион тенгеден ортиқ деб баҳоланган. Мазкур ҳолат ёқилғи нархлари фарқи жиноятчилар учун катта манфаат манбаи эканини кўрсатди.

Қирғизистон сотиб олган бензинини Ўзбекистонга экспорт қилмоқда

Қирғизистон Ўзбекистонга бензин етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада оширди. 2025 йилнинг олти ойи мобайнида Ўзбекистонга бензин экспорти 1,6 баробар кўпайиб, 4,6 миллион литрга етган. Бир литр бензин ўртача 41,3 центдан экспорт қилинган. Солиштириш учун, ўтган йилнинг шу даврида нарх 44,3 цент бўлган. 

«Қирғизистоннинг ўзи нефт ва бензинни импорт қилади. Лекин самарали ва рақобатли ёқилғи бозори ярата олгани ортидан, олигархия ва монополистлар зараркунандалиги туфайли ёқилғи жуда қиммат қўшни Ўзбекистонга бензин экспорт қила олишмоқда», — дея ёзмоқда иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров.