Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида бензин контрабандасига мўлжалланган ерости йўли топилди

19:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг ёқилғи бозоридаги қиммат нарх Қозоғистондан анча фарқ қилиши жиноятчилар учун манфаат манбаи бўлмоқда. 450 метр узунликда ер ости йўли бунинг исботидир.

пфы

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 450 метр узунликда ер ости йўли орқали ноқонуний бензин ташиш ҳолати аниқланди. Бу иш Туркистон вилоятидаги энг йирик контрабанда жинояти сифатида қайд этилди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 август куни Туркистон вилояти жиноят ишлари бўйича махсуслаштирилган суди беш нафар шахсга нисбатан суд ишни кўриб чиққан. Уларга трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ тузиш, нефт маҳсулотларини ўғирлаш ва чегара орқали ноқонуний ташиш айбловлари қўйилган.

Суд қарорига кўра, гуруҳ раҳбари 15 йилга, тўрт нафар аъзоси эса 13 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жиноий иш доирасида давлат фойдасига 3 миллион тенге пул, 16 минг литр АИ-92 маркали бензин ҳамда «ЗИЛ» ва «ГАЗ» русумли юк машиналари мусодара қилинди.

Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ раҳбари К. Ўзбекистонда бензин нархи юқорилигидан фойдаланиш учун Ўзбекистон фуқароси Р. билан тил бириктирган. Улар Сариағаш тумани Сарқирама қишлоғида ер ости қувури қуришган. Қувурнинг бир қисми Қозоғистон, иккинчи қисми эса Ўзбекистон ҳудудига чиқарилган.

2024 йилнинг августидан декабрига қадар жиноий гуруҳ 420 тоннадан зиёд АИ-92 бензинини чегарадан божхона назоратисиз олиб ўтган. Унинг бозор қиймати 112 миллион тенгеден ортиқ деб баҳоланди.

Бу ҳолат нафақат контрабанда масштабини кўрсатди, балки Ўзбекистондаги ёқилғи бозоридаги нарх фарқлари ҳам жиноятчилар учун манфаат манбаи эканини яна бир бор очиқ қилди.