ҚҚС тизимда ишлаётган корхоналарга бир йиллик имтиёз берилади

17:30 | 14 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тизимида ишлашни енгиллаштириш ва бизнес учун қулай шароит яратиш мақсадида янги чораларни эълон қилди.

Qqs

Маълумотларга кўра, ҚҚС ставкаси 12 фоизга туширилгандан кейин бу режимда ишлаётган корхоналар сони ортиб бормоқда. Бироқ айрим тадбиркорлар ҳисоб-китоб мураккаблиги, бухгалтер олиш зарурати ва харажатлар кўпайиши ҳақида шубҳаланмоқда.

Шунинг учун айланма солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод этилади. Ҳисоботларда хатоликка йўл қўйилса ҳам, жарима қўлланмайди. Бундан ташқари, бухгалтерлар маошининг 5 млн сўмгача қисми олти ойгача тўланадиган солиқдан чегириб ташланади. Ҳозирда 20 мингдан зиёд корхонада 16 трлн сўмлик хатолар аниқланган.

 

Солиқ ҳисоботлари тадбиркорлар учун енгиллаштирилади

Янги тартибга кўра, тадбиркорларнинг ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш мажбурияти бекор қилинади. Бу ҳисоботларни солиқ органлари ўзи бепул тўлдириб беради. Тадбиркорлар эса 5 кун ичида уларга тузатиш киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шу билан бирга, ҳисобот кечиктирилганда кичик ва йирик бизнес учун бир хил жарима қўлланиши ҳамда ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида жарима белгиланиши тадбиркорларнинг асосий эътирози бўлиб келаётгани қайд этилди.

Президент топшириғига кўра, 1 ноябрдан бошлаб тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари нечта бўлишидан қатъи назар, ягона жарима қўлланади. Энг муҳими, кичик бизнес учун жарима миқдори уч баробарга камайтирилади.

 

Ўзбекистонда Инвестиция кодекси қабул қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда инвестиция муҳитини янада жозибадор қилиш учун янги қонун ҳужжати ишлаб чиқилишини маълум қилди.

«Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда бизнес ривожланади ва инвестиция муҳити мустаҳкам бўлади. Мамлакатда ишбилармонлар синфи шаклланиб, улар шунчаки тадбиркор эмас, балки иқтисодиёт ва ҳудудларнинг ривожига ҳисса қўшаётган фаол инвесторларга айланмоқда» — деди Президент.

Барча қоида ва кафолатларни ягона тизимга соладиган Инвестиция кодексини қабул қилиш таклиф этилди. Янги ҳужжат сармоя киритиш жараёнларини соддалаштириш ва инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган бўлади.

 

Суд мустақиллиги ва «астрент» тизими жорий этилади

«Барча ислоҳотларимиз негизида, энг аввало, инсон қадри, тадбиркорларимизнинг манфаатлари ётибди.

Шу боис суд мустақиллигини таъминлаш бўйича қатъий сиёсат олиб борамиз. Бугунги тадбиркор, бу – кечаги тадбиркор эмас. Уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошганини судларга мурожаат кўпайганида ҳам кўриш мумкин» — деди давлатимиз раҳбари.

Энди тадбиркорлар иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қила олади. Бу тартиб уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янада кенг имконият яратади.

Шу билан бирга, моддий зарарни ундириш бўйича суд қарорларининг ижроси кечикишаётгани қайд этилди. Президент таъкидлаганидек, ҳар бир кечиккан кун тадбиркорнинг зарарига ишлаяпти.

Мазкур муаммони ҳал этиш учун халқаро амалиёт асосида “астрент” тизими жорий қилинади. Унга кўра, моддий зарар қопланиши кечиктирилган ҳар бир кун учун қарздор ҳисобидан пеня ундирилади ва бу тартиб суд қарорида аниқ кўрсатиб қўйилади.

 

Лицензия ва рухсатномалар қисқартирилади, тадбиркорлар харажатлари тежалади

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолияти учун қатор бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Аҳоли ва бизнесдан талаб қилинадиган 120 турдаги ҳужжат бекор қилинди, шунингдек, шунча лицензия рақамлаштирилди. Фақат ўтган йилининг ўзида 16 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилиниб, тадбиркорлар 350 миллиард сўмлик ортиқча харажатдан халос бўлди.

Янги қонунчилик ислоҳотларига кўра, 2026 йилдан яна 10 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинади. Хусусан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари ҳамда транспорт техник кўригини амалга оширадиган тадбиркорлар учун фаолият хабардор қилиш тартиби асосида ташкил этилади.

Шу билан бирга, амалдаги тартибда лицензия ёки рухсатнома қоидаларини бузгани учун ҳам корхона, ҳам унинг раҳбарига жарима қўлланар эди. Янги тизимга кўра эса бундай ҳолатларда фақат корхонанинг ўзи жарима тўлайди. Мансабдор шахс жавобгарлиги эса тегишли бошқарув органи томонидан мустақил ҳал этилади.

 

2026 йилдан «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тизими жорий этилади

Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи йўлга қўйилади. Президент маълумотича, 2026 йилдан «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш имкони яратилади.

Янги тартибга кўра, тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзидаёқ қатор хизматлар автоматик тарзда амалга оширилади. Жумладан, электрон рақамли имзо берилади, банк ҳисобрақами очилади, тадбиркорнинг хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади, касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади ҳамда тегишли давлат органларига электрон хабарнома юборилади.

Бу ислоҳот тадбиркорликка киришишдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда ушбу жараёнлар учун бир ҳафта вақт сарфланса, 2026 йилдан бу муддат барча жараёнларни қамраб олган ҳолда бор-йўғи 15 дақиқага қисқаради.

 

Сертификация талаби қисқарди, маҳсулот сифатида бозор назорати жорий этилади

Ўзбекистонда санитария, ветеринария ва карантин назоратида бўлган кўчат, минерал ўғит, пойабзал, чорва озуқаси каби 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мажбурий мувофиқлик сертификати бекор қилинади. Президент таъкидлаганидек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган товарлар рўйхати аввал 459 тага қисқартирилган бўлса, яна 288 тага камайтирилади.

Янги тартибга кўра, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, уни баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилма тубдан ислоҳ қилиниб, халқаро стандартларга мослаштирилади. Бу жараёнда сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади.

«Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилинади. Мамлакатимизга дунёдаги энг нуфузли халқаро тан олинган лабораториялар кириб келиши учун барча шароитларни яратиб берамиз.

Энди, маҳсулотлар сифати бўйича «бозор назорати» тизимига ўтамиз. Бундан кейин назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотни ўзи бўлади» — деди Президент.

 

Озиқ-овқат назорати ягона тизимга бирлаштирилади

Ўзбекистонда «Даладан-дастурхонгача» тамойили асосида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги тартиб жорий этилади. Президент таъкидлаганидек, санитария, ветеринария ва карантин органларининг назорат-лаборатория функциялари ягона тизимга бирлаштирилиб, тўлиқ рақамлаштирилади.

Янги тизим орқали тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмай, барча зарур ҳужжатларни «ягона дарча» орқали олади. Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради.

Барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.

 

Бизнес уюшмалари қанча кўп бўлса, тадбиркорларни овози шунча баланд эшитилади — президент

«Бизнес уюшмалари қанча кўп бўлса, тадбиркорларни овози шунча баланд эшитилади. Шу боис, ўз соҳасининг жонкуяри бўлган энг илғор 10 нафар бизнес эгалари бирлашиб, атрофига ёш тадбиркорларни тўплаб, ортидан эргаштирса, уларга бизнес сирларини ўргатса, янги билим ва технологиялар олиб кирса, тадбиркорликдаги кўп муаммоларни бизнес ҳамжамиятни ўзи ҳал қила оладиган бўлади.

Бундай йўлдан бориб, тадбиркорларга кўмакчи бўладиган уюшмаларни доим қўллаб-қувватлашга тайёрман» — деди давлатимиз раҳбари

Уларнинг аниқ натижага қаратилган дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш учун ҳар йили 10 миллион доллар йўналтирилади. Бу бизнес ҳамжамиятининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.