Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йилдан бошлаб тўққизта иқтисодий соҳада меҳнат мигрантларини ишга қабул қилишда чекловларни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Вазирлик тегишли қарор лойиҳасини regulation.gov.ru порталида жамоат муҳокамаси учун жойлаштирди.
«Коммерсеантъ» нашрининг ёзишича, лойиҳага кўра, умумий овқатланиш соҳасида илгари чекловлар мавжуд бўлмаган бўлса, энди чет эл фуқаролари иш ўринларининг фақат 50 фоизини эгаллаши мумкин. Қурилишда эса ушбу кўрсаткич 80 фоиздан 50 фоизга туширилиши назарда тутилмоқда.
Алкогол ва тамаки маҳсулотлари билан чакана савдо соҳасидаги махсус дўконларда мигрантларни ишга қабул қилиш умуман тақиқланиши мумкин. Бу соҳалардаги квота 15 фоиздан 0 фоизга туширилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, ёғоч савдоси ва қайта ишлаш тармоқларида ҳам мигрантлар улуши 40 фоизга чекланиши мумкин.
Меҳнат вазирлиги, шунингдек, 29та субъектда минтақавий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда алоҳида чекловлар жорий этишни таклиф қилмоқда. Масалан, Амур областида мигрантлар қишлоқ хўжалиги ветеринарияси ва ускуналар таъмири соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
РАНХиГСнинг етакчи таҳлилчиси Юлия Флоринская бу орқали давлат Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар оқимини чеклаш, бир вақтда эса бошқа минтақалардан — Ҳиндистон, Покистон ва Африка давлатларидан келадиган меҳнат ресурсларини кўпайтиришни кўзлаётганини тахмин қилмоқда. Шу муносабат билан давлат рус тили ва қонунчиликдан тест талабини визали келувчилар учун бекор қилган.
Бизнес вакиллари эса бу чекловларни турлича баҳоламоқда. Умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи Владислав Земскийга кўра, ишчи кучи етишмовчилиги туфайли мигрантлар ойлик маошни ошириш талабини қўя бошлаган, шунинг учун компаниялар ўзини россиялик ишчилар билан таъминлашга ўта бошлаган.
Бироқ қурилиш соҳасида бу қарор муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Жамоатчилик палатасининг Қурилиш вазирлигидаги комиссияси раҳбари Иля Пономарёвнинг фикрича, хорижлик ишчилар қурилишда фақат қўл меҳнатига жалб этилмайди — улар орасида малакали мутахассислар ҳам бор.