Саида Мирзиёева Садир Жапаров билан учрашди

18:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Бишкекда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан Бишкекда учрашув ўтказди.

Saida mirziyoyevaФото: t.me/SShMirziyoyeva

20 август куни бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Томонлар маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ёшлар сиёсати йўналишида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, Мирзиёева чегара масалалари бўйича муваффақиятли келишувлар, миллий ID ҳужжатларини ўзаро тан олиш, қўшма корхоналар ҳамда Қамбарота ГЕС-1 ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли каби йирик умумий лойиҳаларни энг яқин қўшни ва стратегик ҳамкор сифатида муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганлигини айтиб ўтган.

 

Учрашув давомида Бишкекда икки мамлакат ёшлари иштирокида «Заковат» интеллектуал ўйинини ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилди. Саида Мирзиёева «Заковат» Осиё кубоги финали муносабати билан Қирғизистон пойтахтига борган эди. Бу ҳақида у ўз телеграм каналида хабар берган. 

Садир Жапаров музокаралар якунида Мирзиёевани масъулиятли давлат фаолиятида муваффақиятлар тилаб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланишини таъкидлади.

Шунингдек, Бишкекда Саида Мирзиёева ва Қирғизистоннинг биринчи хоними Айгул Жапарова иштирокида «Дунёни яхши томонга ўзгартираётган етакчи аёл» форуми ҳам бошланди.

Эслатиб ўтамиз, бугун кечқурун Бишкекда «Заковат» Осиё кубоги финали бўлиб ўтади.