Маълум қилинишича, ҳозирда мамлакатимизда 40 дан зиёд электрон тўлов ташкилотлари фаолият юритмоқда. 1 ноябрдан эса тадбиркорларга барча мобил тўлов иловаларида ишлайдиган универсал QR-код берилади. Бу уларга ҳисоб-китоб жараёнларини соддалаштириш имконини яратади.
Шунингдек, келаси йил 1 январдан йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган барча тадбиркорлар учун ягона тартиб жорий этилади: улар айланмадан 1 фоиз миқдорида солиқ тўлайди. Мисол тариқасида, айланмаси 100 миллион сўмгача бўлган якка тадбиркор ҳозирги қатъий солиқ ўрнига йиллик кўпи билан 1 миллион сўм тўлайди, деди. Айланмаси 100 миллиондан 1 миллиард сўмгача бўлган тадбиркорлар эса аввалгига нисбатан 3–4 баробар кам солиқ тўлайди.
«Умуман, яратилаётган шароитлар орқали якка тадбиркорлар ҳисобида йилига 1 триллион сўм, тасаввур қилаяпсизларми, 1 триллион сўм қолаяпти. Бу – кичик бизнес учун қўшимча ресурс, якка тадбиркорлар ўз бизнесини кейинги босқичга олиб чиқиши учун яна бир имконият», — деди Президент.
Тўқимачилик ва экспортчи корхоналар учун янги дастурлар йўлга қўйилади
Ўтган ҳафта 200 дан ортиқ тўқимачилик корхоналари вакиллари билан учрашув ўтказилиб, 7 трлн сўмлик қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб олинди. Яқин кунларда соҳада «ишончли экспортчи» дастури йўлга қўйилади. Шунингдек, экспорт олди молиялаш тизими ташкил этилиб, унинг учун 200 млн доллар ажратилади.
Мазкур тартиб электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва фармацевтика каби юқори салоҳиятга эга, аммо имкониятлари тўлиқ ишлатилмаган тармоқларда ҳам жорий этилади. Бу йўналишдаги тадбиркорлар айланма маблағ учун 500 млн доллар билан таъминланади.
Президент таъкидлашича, ҳар бир тармоқнинг 10 тадан энг рақобатдош ва сифатли маҳсулотига махсус «Ўзбекистон рамзи» белгиси берилади. Ушбу маҳсулотларни халқаро бозорларда тарғиб қилиш учун кенг кўламли реклама кампанияси ташкил этилади.
Корхоналарни туманларга кўчирган тадбиркорларга имтиёзли кредит берилади
Пойтахт ва вилоят марказларидаги корхоналарини меҳнат ресурси ва бўш ер кўп туманларга кўчирмоқчи бўлган текстил тадбиркорларига 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Президент бошқа соҳалардаги корхоналар ҳам бундай ташаббус билан чиқса, улар қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Арзон хомашё билан таъминлаш мақсадида аралаш мато ва газламалар 2028 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилди. Бироқ шундай муаммолар саноатнинг бошқа тармоқларида ҳам мавжудлиги қайд этилди. Жаҳон банки экспертлари ҳам тариф сиёсати ишлаб чиқаришни рағбатлантириши лозимлигини билдирди.
Очиқ мулоқотга тайёргарлик жараёнида тадбиркорлардан тарифлар ва хомашё масаласи бўйича 130 та мурожаат келиб тушган. Шу муносабат билан Президент Бош вазирнинг иқтисодиёт ва инвестицияга масъул ўринбосарларига 1 ноябрга қадар ҳар бир тармоқ ва ҳудудий корхоналар эҳтиёжини ўрганиб, тарифларни қайта кўриб чиқиш вазифасини топширди.
Шунингдек, импорт жараёнида тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида мувофиқлик сертификатлари эндиликда ҳар бир партияга эмас, шартномада кўрсатилган умумий ҳажм учун берилади.