Тошкентда Миллий неврология маркази ташкил этилади

10:30 | 5 дақиқада ўқилади.

Президент тиббиётда сунъий интеллект, янги марказлар ва халқаро стандартлар орқали аҳоли саломатлигини таъминлашга қаратилган таклифларни маъқуллади.

Majlis

Президент Шавкат Мирзиёев 19 август куни соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари соҳадаги юксак юклама асосан республика миқёсидаги муассасаларга тушаётганини таъкидлаб, хизматларни вилоят ва туманларда кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Тақдимотда Миллий неврология ва нейрореабилитация тиббиёт марказини Тошкентда ташкил этиш режаси билдирилди. 250 ўринга мўлжалланган замонавий бинода йилига 3 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиёти ўтказиш мумкин бўлади. Шунингдек, Самарқанд ва Бухородаги тиббиёт клиникалари замонавий ускуналар билан таъминланиб, япон ҳамкорлар кўмагида эрта реабилитация хизматлари йўлга қўйилади. Лойиҳа учун 150 миллион доллар ажратилиб, 150 нафар мутахассис хорижда малака оширади.

Шу билан бирга, аҳоли саломатлигида асосий хавф омиллари ҳисобланган гипертония, юрак ишемик касаллиги ва қандли диабетга қарши бирламчи бўғинда сунъий интеллект технологиялари жорий қилинади. ЭКГ-телеметрия, телемедицина, тромболизис терапия ва стентлаш усуллари амалиётга киритилади.

Лойиҳалар доирасида тиббий хизматларни рақамлаштириш, лаборатория тизимини янгилаш ва 2030 йилга қадар 198 та марказлашган лаборатория ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, бепул таҳлиллар сони кўпайтирилади.

Шцнингдек, ҳамширалар академиясини Тошкент давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Профессионал тиббиёт академиясига айлантириш таклиф этилди. Халқаро ҳамкорликда янги дастурлар жорий қилиниб, ҳамшираларни NCLEX имтиҳони асосида халқаро сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш йўналишига қабул босқичма-босқич кўпайтирилади.

Барча ўқув дастурлари халқаро талаблар асосида аккредитациядан ўтказилиб, оилавий тиббиёт бўйича интеграциялашган таълим ва бир йиллик интернатура жорий этилади. “Бемор ёнида” ўқитиш усули, икки босқичли билим баҳолаш ва тиббиёт ходимларини рўйхатга олиш тизими амалга киритилади.

Жамоат саломатлиги соҳасида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасига, оналар ва болалар ўлимни камайтиришга қаратилган миллий дастур ишлаб чиқилади.

Қон хизматида 2026–2030 йилларга мўлжалланган дастур қабул қилиниб, тиббиёт муассасаларининг қон билан тўлиқ таъминланиши, қон препаратлари ишлаб чиқариш ва хавфсизликнинг замонавий усуллари жорий этилиши назарда тутилган.

Фармацевтика бозорида дори воситаларини ЖСТ мезонлари асосида рўйхатдан ўтказиш, биоэквивалент синовлар ва тиббий буюмларни хавфсизлик синфлари бўйича баҳолаш тартиби жорий этилади. Шу билан бирга, технологиялар трансфери ва фармназоратнинг замонавий механизмлари ривожлантирилади.

Президент таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади ва ижрони таъминлаш бўйича топшириқлар берди.