Politico нашрининг ёзишича, 20 август куни у консерватив журналист Марк Левин радиошоусидаги суҳбатида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳақида «у ҳарбий қаҳрамон, чунки биз бирга ишладик» деди ва «Мен ҳам шундайман. Ҳеч ким парво қилмайди, лекин мен ҳам шундайман. Самолётларни мен юборганман» дея қўшиб қўйди.
Трамп июн ойида Эроннинг ер ости ядро объектларига ҳаво зарбалари беришга буйруқ берган эди. Унинг айтишича, мақсад Теҳроннинг ядро дастурини йўқ қилиш бўлган.
Нетаняҳу ўтган йил ноябридан бери Гаага халқаро жиноят суди томонидан Ғазодаги уруш жиноятлари айби билан қидирувда. Исроил армияси ҳужумлари оқибатида 2023 йил 7 октябрдан бери 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, ҳужумлар «ҲАМАС»нинг Исроилга қилган ҳужумида 1200 киши қурбон бўлганидан кейин бошланган.
Трамп эса ҳарбий хизматда бўлмаган ва Ветнам уруши даврида беш маротаба чақирувдан озод этилган. 22 ёшида оёғидаги суяк муаммоси сабабли тиббий озодлик олган.
Унинг илгари айтган сўзлари ҳам катта баҳсларга сабаб бўлган. 2015 йилда у сенатор Жон Маккейнни «асирга тушгани учун қаҳрамон эмас» деган эди. 2020 йилда эса The Atlantic нашри Трамп марҳум ҳарбий хизматчиларни «омадсиз» ва «аҳмоқлар» деб атагани ҳақида хабар берган, аммо президент буни кескин рад этган.