Украина учун хавфсизлик кафолатлари ишлаб чиқилади, гуруҳга Рубио раҳбарлик қилади

08:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Трамп ва Европа етакчилари Украина учун хавфсизлик кафолатларини тайёрлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузишга келишишди. Гуруҳни АҚШ давлат котиби Марко Рубио бошқаради.

Rubio ukraine

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Европа давлатлари раҳбарлари Украина учун хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди. The Wall Street Journal маълумотига кўра, ушбу гуруҳга АҚШ давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилади.

Гуруҳ таркибига АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши маслаҳатчилари ва НАТО вакиллари киради. Лойиҳа тўрт асосий йўналишни қамраб олади: ҳарбий иштирок, ҳаво ҳужумларидан ҳимоя, қурол-яроғ етказиб бериш ва отишмаларни тўхтатиш бўйича мониторинг.

Европа расмийларининг сўзларига кўра, АҚШ Украинада ўзининг ҳарбий контингентини жойлаштиришни режалаштирмаяпти. Унинг ўрнига Европа тинчликпарвар кучларига билвосита ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия Бош вазири Кийр Стармер Оқ уйдаги музокаралардан кейин АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳаракат қилишга тайёрлиги энг муҳим натижа бўлганини таъкидлашди.

Украина президенти Владимир Зеленский эса Вашингтонда хавфсизлик кафолатлари бўйича ўз таклифларини тақдим этганини маълум қилди. Шу билан бирга, у «Кўнгиллилар коалицияси»нинг барча аъзолари Украинага ҳарбий контингент юборишига умид боғламаслигини тан олди.