Охирги етти йилда хусусий клиникалар сони 3,5 мингдан 8,5 мингтагача кўпайгани бу йўналишдаги улкан имконият ва салоҳиятни кўрсатмоқда. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, хусусий тиббиётда тўпланган тажриба, замонавий технологиялар ва малакали кадрлар соҳа жозибадорлигини янада оширмоқда.
«Сизлар билан бирга Ўзбекистонни минтақадаги юқори технологик тиббиёт хабига айлантиришимизга ишонаман. Бунинг учун яна қандай шароит керак бўлса, барчасини қилиб беришга тайёрман» — деди Президент.
Янги ташаббусга кўра, чегара ҳудудларда клиника, реабилитация маркази, меҳмонхона ва лабораторияларни ўз ичига олган тиббиёт кластерлари ташкил қилинади. Уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилади.
Мазкур кластерларни барпо этган тадбиркорларга 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан 17 фоизли арзон кредитлар берилади. Мутаҳассислар фикрича, бу қадам хусусий тиббиётнинг барқарор ривожланишига туртки бериб, аҳоли учун сифатли тиббий хизматлар доирасини янада кенгайтиради.
Лойиҳаларга инвестиция жалб қилиш учун янги платформа ишга туширилади
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотда бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг асосий воситаси молиявий хизматлар эканини таъкидлади. Унга кўра, яхши лойиҳаларга маблағ излаётган тадбиркорлар кўп, шу билан бирга, инвестиция киритмоқчи бўлганлар ҳам етарли.
«Амалдаги тартибга кўра, масъулияти чекланган жамиятлар сармоядорни таъсисчи сифатида қабул қилишга мажбур. Лекин бунга ҳамма ҳам рози бўлмагани учун асосий молиявий юк ҳалигача банклар зиммасида қолмоқда. Муаммони ҳал этиш мақсадида соддалашган инвестиция платформаси ишга туширилади. У орқали корхоналар ўз лойиҳаларини жойлаштиради, потенциал инвесторлар эса истаган лойиҳани танлаб, маблағ киритиш имкониятига эга бўлади. Янги тизим орқали тадбиркорлар йилига қўшимча 1 миллиард доллар маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлади» — деди Президент.
Энг муҳим жиҳати, инвестор таъсисчи эмас, балки улушдор сифатида иштирок этади. У даромадга шерик бўлади ва киритган маблағи кафолатли ҳимоя қилинади.
«Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда стартаплар сони охирги саккиз йилда бармоқ билан санарли ҳолатдан 600 дан ошди. Бу соҳанинг тез суръатларда ривожланаётганини кўрсатади.
«Эътибор беринг, етти ойни ўзида стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар хорижий инвестиция келди. Бу 2024 йил давомида кирган сармоялардан 4 баробар кўп. Шу боис стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жонлантирамиз» — деди Президент.
Йил якунигача 1 мингта ёшлар стартап ғояси тижоратлаштирилиб, уларнинг 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилади. Шунингдек, 100 та маҳаллий стартапни халқаро даражада жозибадор бизнесга айлантириш учун 100 млн доллар йўналтирилади. Бу йилдан бошлаб, «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ташкил этилади. Танловда энг яхши 100 та ғоя сараланиб, ҳар бир стартапга 1 млрд сўмгача инвестиция киритилади.
«Ғолибларни 20 август – Тадбиркорлар кунида тақдирласак, ўйлайманки, ёш тадбиркорларга бу ҳам катта мотивация бўлади» — деди давлат раҳбари.