Bloomberg хабарига кўра, Европанинг 10 га яқин давлати Россия-Украина уруши тугагач, мамлакатга ўз қўшинларини киритишга тайёр. 19 август куни бўлиб ўтган муҳокамаларда Британия ва Франция ҳарбийларининг сони ва жойлашуви масаласи кўтарилган.
Буюк Британия ҳукумати Европа ва АҚШ расмийлари билан яқин кунларда учрашиб, хавфсизлик кафолатлари ҳамда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилса, кучларни жойлаштириш бўйича тайёргарлик режаларини ишлаб чиқишини маълум қилди.
Қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари пакетининг дастлабки босқичида Украина Қуролли кучларини мустаҳкамлаш, ҳарбийларни тайёрлаш ва шахсий таркибни тўлдириш кўзда тутилмоқда. Бу жараёнда кўп миллатли европалик гуруҳ иштирок этади, Британия ва Франция эса фронтдан узоқда юзлаб аскарларини жойлаштириши мумкин.
АҚШ эса Украинага қўшин юбормаслигини билдирган, аммо разведка маълумотлари алмашиш, чегараларни кузатиш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш имконини кўриб чиқмоқда. Хавфсизлик кафолатлари пакети 24 августгача тайёрланиши кутилмоқда.
Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса НАТО давлатлари ҳарбий контингенти Украинада пайдо бўлиши можарони кучайтиши ва олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келишини таъкидлади.