Афғонистон АҚШ, Россия ва Хитой ўртасидаги рақобат майдони эмас — «Толибон» вазири

08:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукумати мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид минтақавий ва жаҳон кучларини Афғонистонга нисбатан «ғаразли ниятлардан» воз кечишга чақирди.

Taliban 1

Кеча, 18 август куни Афғонистондаги «Толибон» муваққат ҳукумати мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид минтақавий ва жаҳон кучларини Афғонистонга нисбатан «ғаразли ниятлардан» воз кечишга чақирди. Бу ҳақда Amu.tv хабар берди.

Унинг таъкидлашича, амалдаги ҳокимият ислом тамойиллари асосида яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга интилмоқда ва афғонистон АҚШ, Россия ҳамда Хитой ўртасидаги рақобат майдонига айланишини истамайди.

«Катта кучлар қарама-қаршилик йўли билан эмас, балки тараққиёт – тўғонлар, йўллар, заводлар қуриш, энергетика лойиҳаларини ишга тушириш йўлида рақобатлашиши керак», — деди вазир Афғонистоннинг Мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган маросимда сўзлаган нутқида.

Мужоҳид, шунингдек, афғонлар ўтмишда бир неча бор мустақилликни сақлаб қола олмаганини айтди, бироқ у «Толибон»нинг 2021 йил августида ҳокимиятга қайтишини мустақилликнинг янги шакли деб атади. Унинг сўзларига кўра, фитна ва бўлинишларнинг олдини олиш учун мамлакатга бирдамлик керак, ҳукумат ва халқ ёки фуқаролар ўртасида бўлиниш уруғуни сепмоқчи бўлганларни аниқлаш керак.

Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ўз нутқида Афғонистон аср давомида ўз мустақиллигини сақлаб қола олмаганини таъкидлади: Британиядан озод бўлган қирол Омонуллахон ҳам, Совет қўшинлари чиқиб кетганидан кейин ҳам мужоҳидлар етакчилари. У, шунингдек, қўшни давлатларни амалдаги ҳукуматга путур етказишга қаратилган учрашувлар ўтказишдан огоҳлантирди, кузатувчилар буни Исломободда бўлажак конференцияга ишора сифатида талқин қилишди.

Покистон келаси ҳафта Афғонистон бўйича ўнлаб фаоллар ва сиёсий арбоблар иштирокидаги йиғилишга мезбонлик қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Тадбир норасмий бўлиб ўтади ва Покистон ҳукумати бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермаган.