«Дунёдаги энг меҳрибон судя» 88 ёшида вафот этди

11:15 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШнинг Род-Айленд штатидаги Провиденс шаҳрида фаолият юритган судя Френк Каприо 88 ёшида ошқозон ости бези саратонидан вафот этди.

Eng mehribon sudya

Унинг оиласи ва яқинлари расмий баёнотда Каприонинг ҳаёти ва меҳр-шафқати минглаб инсонларга илҳом берганини таъкидлади.

Френк Каприо ўз хизмат йилларида суд залларида қонуний қатъиятни инсоний муносабатлар билан уйғунлаштиргани учун «дунёдаги энг меҳрибон судя» сифатида танилган. Унинг чиқишлари кўпинча инсонларни кечириш, уларга иккинчи имконият бериш каби инсонпарвар қарорлари билан ёдда қолган.

Каприо оммавий танилишига «Провиденсда қўлга олинганлар» телесериали катта ҳисса қўшди. Бу лойиҳа 2000 йилдан эфирга узатилади ва тўрт маротаба «Эмми» мукофотига номзод бўлган. Судянинг видеолари ижтимоий тармоқларда ҳам кенг тарқалган, айниқса TikTok орқали 1,6 миллион обуначига эга бўлган.

Френк Каприо 1985 йилдан 2023 йилгача Провиденс муниципал судида фаолият олиб борган. Унинг суддаги фаолияти адолат ва меҳрибонлик уйғунлигининг символига айланган.

2023 йил декабрда, 87 ёшга тўлганидан сўнг, Каприо ижтимоий тармоқда саратон ташхиси қўйилганини эълон қилган ва кўпчилик юракка таъсир қилган бу видеони ҳозиргача эслаб келади. Унинг инсоний мероси уни илҳом деб билган минглаб одамлар ҳаётида давом этмоқда.