24 ёшли Мутҳар Ҳамид Қоийид Сомалида ИШИД сафида қўмондон сифатида ҳаракат қилган, снайперлик ва портловчи қурилмалар тайёрлаш билан шуғулланган гуруҳ таркибида бўлгани учун ўқ отиш орқали қатлга ҳукм қилинган. У Sky News телеканалига берган сўнгги суҳбатида «мен ҳеч нарсадан афсусланмайман» дея таъкидлади.
Мутҳар Ҳамид Қоийид асли ямандлик бўлиб, денгиз йўли орқали Сомалига келган.
«Мен портловчи қурилма тугмасини босмаганман. Фақат қараб турганман. Бомбани бошқа одам ясаб, уни портлатган. Мен мусулмонларни ўлдириш учун бу ерга келмаганман. Ҳеч нарсадан афсусланмайман. Ҳозир хонадан олиб чиқиб отиб ташласангиз ҳам, мен афсусланмайман. Мени отишса ёки осишса ҳам фарқи йўқ. Охир-оқибат менга бари бир», деган у журналистларга жилмайиб.
ИШИДнинг Сомали шимолидаги Пунтланд ҳудудидаги ғорларида хорижий паспортлар, жумладан Жанубий Африка, Германия, Саудия Арабистони, Венесуэла ва Баҳрайн фуқаролари, ҳатто болаларнинг ҳам ҳужжатлари топилгани маълум қилинди. Сўнгги ҳарбий амалиётларда 600 жангари йўқ қилинган бўлиб, уларнинг атиги беш нафари маҳаллий сомалиликлар бўлгани қайд этилмоқда.
Шунингдек, журналистлар яна бир жангари — марокашлик Усмон Букукар Бин Фуад билан ҳам суҳбатлашди. «Мен террорчилик ташкилоти томонидан алданиб, фақатгина пул ишлаб топиш учун Сомалига келдим. Бунинг ўрнига мен ғор қазишга мажбур бўлдим. Қочиш қийин эди, лекин улар менга Пунтланд кучларини ўлдириш учун ўз жонимни портлатадиган жилет кийишни буюрганида, «бу менга ваъда қилган ишингиз эмас» дедим ва қочдим», дейди у.
Унинг маълумотича, Пунтланддаги ИШИД етакчиси Абдул Қодир Мўминнинг асосий режаси «Сомалидан бошлаб, кейин Эфиопия ва қолган дунёни босиб олиш» бўлган. Фуад бу ҳақда кўп марта гап-сўзлар эшитганини таъкидлади.
ИШИД экстремистик гуруҳи ҳозирда жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчи ташкилот» сифатида тан олинган.