Исроил Ғазо шаҳрига ҳужум бошлади

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

20 август куни Исроил қўшинлари Ғазога кириб бориб, шаҳар чегараларида назорат ўрнатди.

Isroil g'azo

Исроил мудофаа кучлари 20 август куни Ғазо шаҳрига ҳужум бошлаганини маълум қилди. Армия вакили, бригада генерали Эффи Дефринг баёнотига кўра, қўшинлар шаҳар атрофини назорат остига олган ва аҳоли хавфсизлиги учун эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри хабар берди.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу операция муддатини қисқартиришни буюрди. Маълум бўлишича, уларнинг асосий мақсади ҲАМАСнинг сўнгги истеҳкомларини йўқ қилиш ва гуруҳни тўлиқ мағлубиятга учратишдир.

Исроил ҳужумини Фаластин ҳудудидаги ҲАМАС вакиллари гаровдаги 10 нафар шахсни озод қилиш ва 60 кунлик отишмани тўхтатишни таклиф этган бир пайтда бошлади. Исроил бу таклифни расман рад этмаган, аммо келишувга умид боғлаётгани айтилмоқда.

Исроил Ҳарбий-сиёсий кабинети 8 август куни шаҳарни назоратга олиш режасини маъқуллаган эди. Режага кўра, тинч аҳолини эвакуация қилиш ва қуруқликдаги ҳужумлар орқали ҲАМАСга қарши қатъий кураш олиб борилади.

Айни пайтда ЦАҲАЛ Ғазо сектори ҳудудининг тахминан 75 фоизини назорат қилмоқда. Қолган қисмида қочқинлар лагерлари жойлашган бўлиб, гаровга олинганларнинг кўпчилиги ҳам шу ерда сақланаётганига ишонилади. Шу боис Исроил бу ҳудудларга ҳужум қилишдан тийилиб турибди.

Уруш бошлангандан бери ҲАМАС ҳужумлари натижасида камида 1200 нафар исроиллик ҳалок бўлган, қарийб 200 киши гаровга олинган. Ғазо ҳудудида эса маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Ғазони тўлиқ эгаллаш режасини бошлаб, захирадаги 60 минг ҳарбийлар чақиргаанлиги ҳақида хабар берган эдик.