Жапаров Ғарбнинг Қирғизистон банкларига қўйилган санкциясини «ҳасад» деб атади

20:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров АҚШ ва Британия жорий этган санкцияларни мамлакат иқтисодий ютуқларига нисбатан «ҳасад» ифодаси сифатида баҳолади. Унга кўра, чекловлар Қирғизистон молия тизими ва савдо алоқаларига босим ўтказишга қаратилган.

Japparov

Қирғизистоннинг Ғарб билан муносабатларида янги босқич кузатилмоқда. Президент Садир Жапаровнинг таъкидлашича, мамлакат банк тизимига қарши санкциялар сиёсий курашнинг бир қисми бўлиб, улар мамлакат тараққиётини сустлаштиришга қаратилган. Бу ҳақда «Кабар» ахборот агентлиги хабар қилди.

Жапаров «Керемет Банк» ва «Капитал Банк»ка нисбатан АҚШ ва Британия томонидан киритилган чекловларни асоссиз деб атади. У мурожаатида Америка президенти Доналд Трамп ва Британия бош вазири Кир Стармерни иқтисодий масалаларни сиёсатдан айро ҳолда кўриб чиқишга чақирди.

Давлат раҳбари Қирғизистонда қайд этилган юқори ўсиш суръатларини мисол сифатида келтириб, «бизда ЯИМ 11,7 фоизга ўсди, МДҲ давлатлари орасида етакчи ўриндамиз», — деди. Президентга кўра, санкциялар айнан шу натижалар сабабли жорий этилган.

Жапаровнинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари Бишкекнинг Россияга қарши санкцияларни бузганлиги бўйича бирорта ҳам фактни тақдим эта олмайди. У «рубл билан амалга ошириладиган барча операциялар давлат назоратида эканини» қайд этди.

Президент мамлакат аҳолисининг иқтисодий манфаатларини таъкидлаб, «россияда 1 миллионга яқин муҳожиримиз бор, улар ҳар куни бу ерга миллиардлаб рубл ўтказади. Бу маблағларни конвертация қилиб, одамларга етказиш керак» — деди.