Навоийдаги «Пирали» олтин майдони бошланғич нархидан 24 баробар қимматга сотилди

11:30 | 3 дақиқада ўқилади.

E-auksion савдосида Навоий вилоятидаги йирик «Пирали» олтин кони майдони 99,09 миллиард сўмга маҳаллий ва Xитой инвесторларига тегишли компанияга сотилди.

Oltin koni

Аукцион 20 август куни эрталаб бошланиб, 23 соат 29 дақиқа давом этди. Якунда 461 та таклифдан сўнг NBK 111 компанияси ғолиб деб топилди. Бу сумма бошланғич нархдан 24 марта юқори.

Расмий маълумотларга кўра, «NBK 111» компанияси 2024 йил май ойида Тошкентда рўйхатдан ўтган ва рангли металл рудаларини қазиб чиқаришга ихтисослашган. Устав фонди 1,005 миллиард сўмни ташкил этади. Компаниянинг 40 фоиз улушига Хитой фуқароси Чжан Цян эгалик қилади, қолган 60 фоизи эса Нурмахаммад Пўлатовга тегишли.

Нурмахаммад Пўлатов шунингдек, Жиззахдаги «Quwwatt Group» шиша ишлаб чиқариш компаниясининг асосий акционери (90,7 фоиз) ва «BEEK Electro» электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчисига тўлиқ эгалик қилади. Ушбу компаниялар ягона контакт рақамидан фойдаланиши ҳам қайд этилган.

«Пирали» кони 484 гектар майдонни эгаллайди. У Зафарабад қишлоғидан 20,5 км шимоли-шарқда ва Навоий шаҳридан 38,5 км узоқликда жойлашган. Геологик маълумотларга кўра, участкада олтин захираси 2,4 тонна деб баҳоланган.

Сўнгги кунларда учта йирик олтин участкаси савдога чиқарилди. Жумладан, Темирчи участкаси 67,78 миллиард сўмга баҳоланди, Олмалиқ яқинидаги Терекли участкаси эса қарийб 20 баробар қимматлашиб, 81,8 миллиард сўмга сотилди.