Ўндан ортиқ вазирлик ва идоралар Янги Тошкентга кўчиб ўтмоқда

10:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Янги Тошкентда вақтинча ташкил этилган биноларда ўндан ортиқ вазирлик ва идоралар фаолиятини бошлади, қурилиш жараёнлари эса изчил давом этмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 август куни президент Шавкат Мирзиёевга қилинган тақдимотда қайд этилган.

Yangi toshkent

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, шаҳарда жами 60 дан ортиқ давлат идоралари учун маъмурий бинолар қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда Энергетика вазирлиги кўчгани, Транспорт, Қурилиш ва Экология вазирликлари ҳам яқин кунларда тўлиқ кўчиши қайд этилган.

Янги шаҳар қурилишига 2023 йилда старт берилган бўлиб, лойиҳа учун Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан қарийб 20 минг гектар ер ажратилган. Концепция Буюк Британиянинг «Cross-works» компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Биринчи босқичда 6 минг гектар майдонда қурилиш ишлари амалга оширилиб, 600 минг аҳоли учун замонавий уй-жой ва инфратузилма яратилади.

Ҳозирги кунда шаҳарнинг ерости муҳандислик тармоқлари қурилаётгани қайд этилмоқда. Иссиқлик ва сув қувурлари, электр энергияси ҳамда телекоммуникация тармоқлари коллекторлар орқали ер остида ўтказилади. Шунингдек, туннеллар, ерости тураргоҳлари ва экологик тоза транспорт тизими ташкил этилиши кўзда тутилган. Метро ва электробус ҳаракати уйғунлаштирилади, пиёда ва велосипедчилар учун кенг шароит яратилади.

Шу билан бирга, янги шаҳарга маҳаллий ва хорижий инвесторлар катта қизиқиш билдирмоқда. Ҳозирга қадар аукцион орқали сотилган 13 та тижорий лот бўйича 554 миллион долларлик инвестиция шартномалари имзоланган.

Қурилиш жараёнларида 160 мингдан зиёд аҳоли бандлиги таъминланиши, келгусида эса юз минглаб доимий иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Бунинг учун таълим ва тиббиёт кластерлари, ахборот технологиялари хизматлари ҳамда технопарклар барпо этилиши режалаштирилган. Президент лойиҳаларда инвестицияларни кенг жалб қилиш, дам олиш масканлари ва хизматлар тизимини ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берди.