Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, тарихчи Азамат Зиё «Davra» подкастида машҳур «Отамдан қолган далалар» фильмининг нега эфирдан олиб ташланганига ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, мустақилликдан кейин ҳам ўзбек жамиятида совет давридан мерос бўлиб қолган бошқарув усули узоқ йиллар сақланиб келган.
Азамат Зиё таъкидлашича, ўзбек халқи мустақилликдан кейин ҳам узоқ йиллар совет давридаги каби бошқарув тизимида яшаган. «Шавкат Мирзиёев халқимизни паxтa қулчилигидан қутқарганини тўла англаб етмадик. Юз йил давомидаги мажбурий меҳнат саводсиз авлодни вужудга келтирди», деди у.
1998 йилда давлат маслаҳатчиси билан филм премьерасида қатнашганини эслаган Зиёнинг айтишича, «Отамдан қолган далалар» дастлаб эфирга узатилган, катта қизиқиш уйғотган, аммо кўп ўтмай «қора рўйхат»га тушган. Унинг фикрича, филмда тасвирланган колхоз тизими, мажбурий меҳнат ва колония белгиларининг мустақилликдан кейин ҳам сақланиб қолгани намойиш этилиши асосий сабаб бўлган.
Машҳур ёзувчи Тўғай Муроднинг романи асосида Шўҳрат Аббосов томонидан 1997 йилда суратга олинган филм XVIII–XIX асрлар воқеаларига бағишланган. У қўқон хонлиги ва чор Россияси давридаги оғир ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳаққоний тасвирлаб, томошабинларда катта таассурот қолдирган.
Фильм дастлаб ижобий баҳоланиб, миллий кино фестивалида бош совринни қўлга киритган. Бироқ мустамлакачилик даври ҳаётини чуқур очиб бергани сабабли у ҳукумат учун «ноқулай» деб топилиб, тақиқланган. Шундан бери «Отамдан қолган далалар» ўзбек киноси тарихидаги энг муҳим драматик асарлардан бири сифатида тилга олинади.