Қирғизистондан Ўзбекистонга чорва экспорти кескин камайди

11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Қирғизистондан Ўзбекистонга қорамол экспорти ўтган йилга нисбатан беш баробарга, қўй экспорти ўн баробарга қисқарди.

Chorva mollari

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 10 минг 270 бош қўй ва эчки етказиб берилган. Бир йил олдин эса бу рақам 112 минг 206 бошга етган эди. Демак, йиллик кескин пасайиш қарийб ўн баробарни ташкил этди.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил давомида Қирғизистондан Ўзбекистонга 130 минг 499 бош қорамол ва 233 минг 242 бош қўй ҳамда эчки экспорт қилинган. Бироқ 2025 йилдан нарх ошиши ва назорат кучайтирилиши оқибатида чорва экспорти сезиларли камайди.

Қирғизистонда мол ва қўй гўштининг нархи кескин кўтарилмоқда. Масалан, 29 июл ҳолатига кўра, 1 килограмм гўштнинг ўртача нархи 700 сом (тахминан 100 минг сўм) атрофида бўлган. Ҳукумат гўшт нархини барқарорлаштириш, ноқонуний чиқаришларни олдини олиш ҳамда экспортга чекловлар жорий қилиш бўйича чоралар кўрмоқда.

Аввалроқ 40 минг бош қорамолни ноқонуний чиқаришда гумон қилинган 10 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Бу ҳолат мамлакатда гўшт нархи ошишига таъсир этган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам гўшт нархлари охирги бир йил ичида сезиларли ошган. Июл ойи якунига кўра, мол гўшти нархи ўртача 32,9 фоизга кўтарилган. Энг юқори нарх Фарғона вилоятида қайд этилган бўлиб, айрим туманларда килограмми 130–140 минг сўмга етган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ҳукумати ички бозорда гўшт нархини барқарорлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йирик чорвани вақтинча экспорт қилишни чеклаши ҳақида хабар берган эдик.