TBC Bank Group OLX Uzbekistan назорат пакети сотиб олди

20:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Грузияда етакчи молия хизмати гуруҳи ва Ўзбекистонда энг йирик рақамли банк экотизимларидан бири ҳисобланувчи TBC Bank Group OLX Uzbekistan назорат пакетини сотиб олди. Банк аввалроқ BILLZ retail management SaaS платформаси ҳамда мамлакатда кенг оммалашган Payme тўлов иловасини таркибига қўшиб олган эди.

Tbc

Грузия ва Ўзбекистонда рақамли банк хизматларини ривожлантираётган TBC Bank Group Ўзбекистондаги энг йирик онлайн эълонлар платформаси — OLX Uzbekistan акцияларининг назорат пакетини қўлга киритди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, битим Titan Investments халқаро инвестиция ҳолдинги билан қўшма корхона орқали амалга оширилган. Банк матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу келишув мамлакатда сўнгги ўттиз йилда амалга оширилган энг йирик қўшилиш ва сотиб олиш жараёнларидан бири ҳисобланади. Келишув якунланиши учун зарур тартибга солувчи органлардан рухсат олиниши кутилмоқда.

Шартномага кўра, натижада OLX Uzbekistan акцияларининг 100 фоизи ҚКга ўтади. TBC назорат пакетини (50 фоиз + 1 акция), Titan Investments эса қолган улушни олади. Сотувчи Prosus таркибига кирувчи OLX Group бўлди.

Маълумот учун, OLX Group ҳозирги кунда 30 га яқин мамлакатда онлайн савдо ва хизмат кўрсатиш платформаларини бошқариб келмоқда. Унинг таркибига OLX, Otomoto ва Property24 каби брендлар киради. Prosus эса технология соҳасида дунёдаги энг йирик инвесторлардан бири саналади.

Банк маълумотларига кўра, OLX Ўзбекистонда энг кўп ташриф буюриладиган сайтлар орасида олтинчи ўринни эгаллаб, ойига 5,4 миллион фаол фойдаланувчига хизмат кўрсатади. Платформа мамлакат интернет аудиториясининг 20 фоизидан ортиғини қамраб олган. OLX ўз бренди остида фаолият юритишда давом этади, аммо келгусида TBC Uzbekistan экотизимига интеграция қилинади.

Маълумот учун, жорий йил июн ойида ҳам TBC Bank Group Ўзбекистондаги BILLZ retail management SaaS платформасининг назорат пакетини сотиб олиш бўйича келишувга эришган эди. Қолаверса, банкнинг таркибига TBC Bank Uzbekistan (мамлакатнинг энг йирик мобил банклари), Payme (тўлов иловаси), Payme Nasiya (насия кредити бизнеси) ва TBC Insurance (рақамли суғурта компанияси) ҳам киради.