Украинадан Россиягача етиб борадиган ракета ишлаб чиқарилмоқда

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Украинада 3000 км масофани босиб ўта оладиган янги «Flamingo» ракетаси кунига биттадан ишлаб чиқарилмоқда.

Flamingo rocket

Associated Press хабарига кўра, ракета ишлаб чиқариш заводидаги видеолавҳалар оммага эълон қилинган. Маълумотга кўра, ракета дастлабки намунасида бўёқ хатоси туфайли пушти рангда чиққан ва унга «Flamingo» номи берилган. Ҳозир завод ишчилари рок мусиқа остида 3000 км узоқликка етиб борувчи ракеталар ҳамда 1600 км масофага парвозга мўлжалланган дронларни йиғмоқда.

Ҳозирча ишлаб чиқариш қуввати кунига биртадан бўлса-да, завод раҳбарияти 2025 йил октябригача бу кўрсаткични кунига еттигача етказишни мақсад қилган. Ушбу ракеталар яқин вақтда Россиянинг нефт қайта ишлаш заводлари ва ўқ-дори омборларига қарши ишлатилиши кутилмоқда.

«Fire Point» компанияси 2022 йилдан бери қурол ишлаб чиқаришга йўналиш олган. 2023 йилда завод кунига 30 та FP-1 дронини ишлаб чиқарган бўлса, бугунга келиб ишлаб чиқариш 100 тага етган. Ҳар бир FP-1 дронининг нархи 55 минг долларга тенг.

60 килограммлик портловчи юкка эга FP-1 дронлари Россия ҳудудидаги зарбаларнинг тахминан 60 фоизи учун масъул бўлиб, асосан нефт заводлари ва қурол омборларига йўналтирилган.

Қурол саноатини ривожлантириш орқали Украина нафақат Россияга қарши туришни, балки келгусида Европа иттифоқи давлатларига ҳам экспорт ҳажмини кенгайтиришни мақсад қилмоқда. Мамлакат қурол харид агентлиги раҳбари Арсен Жумадилов «энг яхши кафолат — ўз кучимиз билан ўзимизни ҳимоя қилишдир», дея таъкидлади.