Янги солиқ тартиби, амнистия, тарифлар: тадбиркорларга қандай енгилликлар берилди?

17:30 | 12 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, экспорт, туризм, инвестиция, банк ва солиқ соҳаларидаги янгиликларни маълум қилди. Vaqt.uz энг муҳим енгилликлар ва уларга жамоатчилик муносабатини жамлади.

Ochiq muloqot

ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун янги ҳуқуқий режим ташкил қилинади

Тадбиркорлар билан мулоқот олдидан 26 та соҳада 7 мингга яқин вакиллар ва 13 мингдан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилган. Қарорга кўра, кичик лойиҳалардан иш бошлаган ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун 2030-йилгача махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Энди улар рўйхатдан ўтиш ва ҳисобот топширишни ягона рақамли платформа орқали, электрон имзосиз, фақат биометрик тасдиқ ва SMS орқали амалга оширишлари мумкин бўлади.

 

Тадбиркорларга универсал QR код ва янги солиқ тартиби яратилади

2025 йилнинг 1 ноябридан тадбиркорларга барча мобил тўлов иловаларида ишлайдиган универсал QR-код берилади. Бу ҳисоб-китоб жараёнларини соддалаштиради.

Келаси йил 1 январдан йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган барча тадбиркорлар учун ягона тартиб жорий этилади: улар айланмадан 1 фоиз миқдорида солиқ тўлайди. Мисол тариқасида, айланмаси 100 млн сўмгача бўлган якка тадбиркор ҳозирги қатъий солиқ ўрнига, йиллик кўпи билан 1 млн сўм тўлайди. Айланмаси 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлар эса аввалгига нисбатан 3–4 баробар кам солиқ тўлайди.

 

Экспортчиларнинг қарздорлик жаримаси 1 йилга кечиктирилади

Энди давлат улушига эга бўлмаган корхоналар учун экспортда муддати ўтган қарздорлик бўйича жарима ҳисоблаш ва ундиришга бир йиллик мораторий эълон қилинади. Аввалроқ, бу масала 4 август куни Савдо-саноат палатаси томонидан ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда кўтарилган эди. Тадбиркорлар қарзни 2–3 ойга кечиктиришни сўрашган, президент эса бир йиллик тўлиқ мораторийни тасдиқлади.

 

Давлат объектлари ва ер участкалари ижара нархи инфляция даражасидан оширилмайди

Энди давлат объектлари ва ер участкалари ижарасида йиллик нарх инфляция даражасидан ортиқ кўтарилмайди. Шунингдек, келгуси йилдан давлат активлари беш йил муддатга ижарага берилади. Фақат ижарачи ўзи хоҳлаганда ёки мажбуриятлар бажарилмаганда шартнома бекор қилиниши мумкин.

 

Хусусий шериклик асосидаги боғчалар 30 йил ижара ҳақи тўламайди

Қамрови 70–80 фоиздан паст бўлган 80 та туманда тадбиркорларга давлат ерларида боғча қуришга рухсат берилади. Ер учун ижара ҳақи 30 йилгача ундирилмайди, давлат томонидан ҳар бир болага белгиланган харажатнинг ярми субсидия қилиб берилади.

Бундан ташқари, ушбу туманларда бошқа жойларда боғча ташкил қилмоқчи бўлган тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 млрд сўмгача 18 фоизли имтиёзли кредит ажратилади. Фаолияти ўзгартирилмаган ҳолда ер текинга берилади, ижтимоий солиқ миқдори 1 фоиз қилинади, тарбиячиларнинг маоши эса уч йил давомида давлат ҳисобидан тўлаб берилади.

 

Тадбиркорларга ўзига хос «амнистия» берилади

ҚҚС ставкаси 12 фоизга туширилгани сабабли бу солиқ режимига ўтаётган тадбиркорлар сони ортмоқда. Бироқ кўпчилик ҳисоб-китоб мураккаблашади, харажат кўпаяди, деб шубҳаланмоқда. Шу боис, айланмадан ҚҚСга ўтган корхоналар 1 йил давомида фойда солиғидан озод қилинади. Ҳисоботда хато бўлса ҳам жарима қўлланмайди. Бухгалтер маошининг 5 млн сўмгача қисми 6 ой давомида солиқдан чегириб ташланади.

Бугунги текширувларда 20 мингдан ортиқ тадбиркорларда 16 трлн сўмлик хато аниқланган. Президент маълум қилдики, бу сафар жазоланмайди, балки 1 ноябргача хатоларни ихтиёрий тузатиш имконияти берилади. Шундан сўнг бизнес вакиллари тадбиркорлик рейтингида «тоза саҳифадан» бошлайди.

«Бу кўплаб тадбиркорлар учун жуда ҳам яхши янгилик. Хос маълумотларга кўра, бу янгиликнинг орқасида тер тўкканлар Солиқ тизими раҳбарлари. Кўз тегмасин, солиқ тизими ҳам Солиқ қўмитаси ҳам охирги йилларда анча ўзгарди. Илгари тадбиркор учун “ҳужумчи идора” бўлиб кўринган тизим ҳозир аста-секин тадбиркорнинг шеригига айланяпти», — деб иқтисодчи Отабек Бакиров юқоридаги қарорга нисбатан муносабат билдирди.

 

Хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифлар қайта кўриб чиқилади

Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида барча соҳалардаги тадбиркорлардан тарифлар борасида 130 та мурожаат келиб тушган. Шунингдан келиб чиқиб, Бош вазирнинг иқтисодиёт ва инвестицияга масъул ўринбосарларига 1 ноябргача ҳар бир тармоқ, ҳудудий корхоналар талабини ўрганиб, бошқа хомашё ва бутловчи қисмлар учун тарифларни қайта кўриб чиқиш топширилди.

Арзон хомашё билан таъминлаш мақсадида 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилади.

«Импортга қўйилган божлар нафақат одамларни сифатсиз ва қиммат товар олишга мажбурлаб, уларни камбағалроқ қилади. Балки хомашёни қимматлаштиргани учун бу орқали экспорт рақобатбардошлигини ҳам туширади. Мана шу жойда асосий савол қуйидаги бўлиши керак: ўзи нима хомашё, нима хомашё эмас? Иқтисодиётда барча товарлар қайсидир маънода хомашё. Масалан, нефтни ҳеч ким шундоқлигича истеъмол қилмайди, уни қайта ишлаш керак. Нонни эса одамлар шундоқича истеъмол қилади. Аммо бу нон хомашё эмас, дейиш учун асос бўлмайди», — деб иқтисодчи журналист Баҳодир Абдуллаев Telegram каналида ёзмоқда.

 

Лицензия ва рухсатномалар сони қисқаради

2026 йилдан яна 10 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилинади. Жумладан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари ва транспорт техник кўригини амалга оширувчи тадбиркорлар энди лицензиясиз, хабардор қилиш тартибида иш бошлаши мумкин бўлади.

Шунингдек, янги тизимга кўра, лицензия ёки рухсатнома шартлари бузилган тақдирда жарима фақат корхонанинг ўзига қўлланади. Корхона раҳбарининг шахсий жавобгарлиги эса тегишли бошқарув органлари томонидан алоҳида кўриб чиқилади.

«Бизнес уюшмалари қанча кўп бўлса, тадбиркорларни овози шунча баланд эшитилади. Шу боис, ўз соҳасининг жонкуяри бўлган энг илғор 10 нафар бизнес эгалари бирлашиб, атрофига ёш тадбиркорларни тўплаб, ортидан эргаштирса, уларга бизнес сирларини ўргатса, янги билим ва технологиялар олиб кирса, тадбиркорликдаги кўп муаммоларни бизнес ҳамжамиятининг ўзи ҳал қила оладиган бўлади. Бундай йўлдан бориб, тадбиркорларга кўмакчи бўладиган уюшмаларни доим қўллаб-қувватлашга тайёрман», — деди очиқ мулоқот давомида Президент.

Бундан ташқари, озиқ-овқат назоратини ягона тизимига бирлаштириш, бозор назоратини жорий қилиш, суд мустақиллигини таъминлаш ва ҳоказоларга оид янгилик ва қарорлар эълон қилинди.