Андижоннинг Олтинкўл ва Улуғнор туманлари «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсумида овоз бериш жараёнларидан четлатилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди. Бу қарор фуқаролардан келиб тушган шикоят ва эътирозлар асосида қабул қилинган. Унга кўра, туманларда ишчи комиссиялар томонидан лойиҳалар асоссиз рад этилгани аниқланган.
Масалан, Улуғнор туманида 73 та лойиҳа тақдим этилган бўлиб, улардан фақат 13 таси овоз бериш босқичига ўтган. Қолган 60 та лойиҳа асосланмаган ҳолда рад этилган. Худди шу ҳолат Олтинкўл туманида ҳам кузатилган: 116 та лойиҳадан фақат 22 таси қабул қилинган, 94 таси эса сабабсиз рад этилган.
Вазирлик маълумотида айтилишича, қонунчиликда белгиланган мезонларга кўра лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш ҳақида туман ички комиссияларига расмий хатлар юборилган. Бироқ, маҳаллий комиссиялар томонидан керакли чоралар кўрилмаган.
Шу сабабдан, мавжуд мезонларга амал қилинмагани ҳамда фуқароларнинг шикоятлари инобатга олиниб, мазкур икки туманда «Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми доирасида овоз бериш жараёни бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ташаббусли бюджет» дастурининг 2025 йилги иккинчи мавсумида 823 та маҳаллага иштирок этишда танаффус берилиши ҳақида хабар берган эдик.