АҚШ сенатори Линдси Грэҳэм Х ижтимоий тармоғидаги чиқишида Россияни Украина уруши давомида камида 19,5 минг болани мажбуран олиб кетганликда айблади. У бу ҳаракатларни «ваҳший ва жирканч» деб атади, чунки улар болаларни ўз оиласи ва ватанидан маҳрум қилади, деди у.
Сенаторнинг таъкидлашича, агар Россия болаларни қайтаришдан бош тортса, Конгресс Россияни терроризмни қўлловчи давлат сифатида расман тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиши керак. Грэҳэм бу ташаббусни аввал ҳам илгари сурган эди.
«Бу қадам халқаро компаниялар ва ҳукуматлар учун Россия билан ҳар қандай ҳамкорлик ёки бизнесни токсик, хавфли ва ноқонуний қилиб қўяди», — деди сенатор ўз баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, фақат дипломатик босим эмас, балки иқтисодий ва ҳуқуқий чоралар ҳам қўлланилиши шарт. АҚШнинг Россияни терроризм ҳомийси сифатида расман эътироф этиши Россиянинг халқаро майдондаги легитим мавқеини жиддий шубҳа остига қўяди.