22 август куни «Аваза» миллий туризм зонасида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан юзма-юз суҳбат ва расмий делегациялар иштирокидаги учрашувда иштирок этди. Суҳбат аввалида туркман етакчиси давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломини етказди.
Президент Мирзиёев Туркманистон раҳбарияти ва қардош халқни БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясини муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Учрашувда икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқалар суръат билан ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Жорий йил бошидан бери товар айирбошлаш ҳажми 700 млн долларга етди. Февралдан буён икки мамлакат эркин савдо режимида ишламоқда, пойтахтларда савдо уйлари очилган. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалигида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Учрашувда «Шовот–Тошовуз» савдо зонасини ишга тушириш ишлари якунланаётгани маълум қилинди. Шунингдек, олий даражадаги бўлажак учрашувларга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссиялар, ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва маданий тадбирларни самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Етакчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак еттинчи Маслаҳат учрашуви кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Шу муносабат билан «Озарбойжон–Туркманистон–Ўзбекистон» форматидаги музокаралар аҳамияти қайд этилди.