Лавров Трамп ва Путин учрашувида Россия нималарга рози бўлганини айтди

18:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Унинг сўзларига кўра, Москва Доналд Трамп таклиф қилган қатор масалалар юзасидан муайян даражада келишувга ҳам эришган.

Lavrov

Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленскийнинг учрашуви ҳозирча режалаштирилмаган. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров NBC News телеканали эфирида маълум қилди.

«Учрашув режалаштирилмаган, бироқ саммит кун тартиби тайёрланса, Путин Зеленский билан учрашишга тайёр. Ҳозирги пайтда бу кун тартиби ҳали тайёрланмаган», — дея таъкидлади Лавров.

Россия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари маълум қилишича, Москва Аляскадаги саммитдан сўнг АҚШ раҳбари Доналд Трамп томонидан таклиф этилган бир қатор масалалар бўйича мослашувчанлик кўрсатишга розилик билдирган.

«Президент Трамп биз қўллаб-қувватлайдиган бир нечта таклифларни илгари сурди ва уларнинг айримлари бўйича биз маълум даражада мослашувчанлик кўрсатишга рози бўлдик», — дея таъкидлади Лавров.