Дзюдо бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи олтин медал соҳиби Диёра Келдиёрова она бўлди. Унинг турмуш ўртоғи ижтимоий тармоқда қизалоқ дунёга келганини маълум қилган. Бу хабар кенг жамоатчилик ва спорт мухлислари томонидан катта қувонч билан кутиб олинди.
Диёра Келдиёрова Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида туғилган. У фаолияти давомида нафақат спортда, балки ижтимоий соҳада ҳам фаолият олиб бориб келмоқда. У Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг махсус вакили этиб тайинланган. Шунингдек, Халқаро дзюдо федерацияси Атлетлар комиссияси аъзоси ҳисобланади.
Келдиёрова — Ўзбекистон тарихида дзюдо бўйича биринчи Олимпиада чемпиони. Ундан олдин Армен Багдасаров ва Абдулло Тангриев кумуш, Ришод Собиров, Диёрбек Ўрозбоев ҳамда Давлат Бобонов бронза медалларини қўлга киритган эди. Келдиёрова ёзги Олимпиадада олтин медал ютиб олган илк ўзбекистонлик аёл спортчи сифатида тарихга кирди.
У спортдаги ютуқлари учун бир қатор мукофотларга сазовор бўлган: жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони, «Ўзбекистон ифтихори» унвони, «Тўмарис» кўкрак нишони ва «Йилнинг энг яхши аёл спортчиси» мақомига эга.