Янги ўқув йили 1-курслар учун 3 сентябрдан, юқори курсларга 8 сентябрдан бошланади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хаба берди.
Қайд этилишича, вазирнинг тегишли буйруғи билан олий таълим ташкилотлари ва академик лицейларда янги 2025/2026-ўқув йилини бошлаш саналари тасдиқланган.
Унга кўра, академик лицейларнинг барча босқич ўқувчилари ва олий таълим ташкилотларининг 1-босқич талабалари дарс жараёнларини 2025 йил 3 сентябрдан бошлайди, 2 ва ундан юқори курс талабалари эса 8 сентябрдан ўқишга боради.
Олий таълим ташкилотларида биринчи босқичга қабул қилинган талабалар учун “Кредит таълими тизимига кириш” ҳафталиги ҳамда “Талабаликка бағишлов” тадбирлари ташкил этилади.
Ҳафталик доирасида️ талабаларни олий таълим ташкилоти фаолияти билан таништириш, кредит-модул тизимининг мазмун-моҳияти ва афзалликларини тушунтириш ҳамда танлов фанларни мақсадли танлаш амалга оширилади.
Шунингдек, талабаларда мустақил таълим кўникмаларини шакллантириш, академик ҳалоллик тамойиллари ва касбий ҳамда шахсий ривожланиш масалалари юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилади.