Ўзбекистон аҳолиси асосан нималарга харажат қиляпти?

15:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Марказий банк шарҳига кўра, ўзбекистонликлар автомобил сотиб олиш ва тўй билан боғлиқ харажатларга бошқа нарсаларга нисбатан кўпроқ пул сарфламоқда.

Xarajatlar mb 07

Марказий банк 2025 йилнинг иккинчи чорак якунлари бўйча «Истеъмол кайфияти шарҳи»ни эълон қилди. Унга кўра, аҳолининг истеъмол кайфиятини белгилайдиган барча субиндекслар, хусусан даромад, харажат, кредит ва пул жамғариш кўрсаткичлари ўтган ойга нисбатан ёмонлашган.

Кредит

Xarajatlar mb 01

2025 йил I чорагида кредит субиндекси 67,3 банд бўлиб, ўтган чоракка қараганда ошди, лекин ўтган йилга нисбатан 1,9 бандга пасайди. Келгуси 12 ойда кредит қарздорлигини оширишни мақсад қилган респондентлар қарийб 59 фоизга етди. Келгусида кредит олишни режалаштираётганлар кам. Маълумот ўрнида, ўрта даромадлилар (7 млн сўмгача) сегменти камайган.

Xarajatlar mb 02

Асосий кредит мақсадлари уй-жой таъмири, таълим, соғлиқни сақлаш ва автомобиль хариди бўлиб қолмоқда.

Пул жамғариш

Xarajatlar mb 03

Жамғарма кайфияти индекси 1,1 бандга ёмонлашиб, 68,3 бандни ташкил қилган. Жамғармаси йўқлар улуши 40 фоиз атрофида қолмоқда. 1 ойгача, 3–6 ойга ва 6 ойдан ортиқ жамгармага эга бўлганлар улуши камайган. Шунингдек, жамғармаси йўқлигини билдирганлар улуши сўнгги чоракда кичик даражада ортиб бораётгани кузатилди.

«Пандемия даврида жамғармаси йўқ тоифаларнинг оғир аҳволга тушиб қолганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Худди шундай ҳолатлар молиявий кризислар пайтида ҳам рўй беради. Афсуски, жамғаришга мойиллик ўтган 5 йилда заррача ўзгаргани йўқ», деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банкининг молиявий оммабоплик даражасини баҳолаш бўйича ҳисоботида ҳам шундай кўрсаткичлар келтирилганди.

Харажатлар

Xarajatlar mb 04

Харажатлар субиндекси юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бу, асосан, қишлоқ хўжалиги ва қурилишдаги мавсумий фаоллик, шунингдек, таълим, тўй, байрам ва туризмга сарфлар кўпайгани билан изоҳланади.

Сўровда қатнашганларнинг 77 фоизи (ўтган чоракда 78 фоиз) келгуси 12 ойда харажатлари ошишини кутмоқда. Демак, харажатлар бўйича умумий кутилмаларда катта ўзгариш йўқ. Харажатлари ўзгармайди, деганлар улуши 14,7 фоизга етган, қисқаради, деганлар эса 8 фоизгача камайган.

Даромади паст ва ўрта (3 млн сўмгача, 10–15 млн ва 15–20 млн сўм) қатламлар келгуси чоракда харажатларини камайтиришни кутмоқда. Аксинча, даромади юқори (20 млн сўмдан ортиқ) респондентлар кўпроқ харажат қилиш ниятида.

Xarajatlar mb 05

Йирик харидлар бўйича режаларда эса, асосан, уй-жой таъмири, таълим ва соғлиқни сақлашга сарфлар устунлик қилмоқда. Шунингдек, автомобиль хариди, тўй ва сайёҳатга сарфлар ҳам юқори кутилмоқда. Бу эса келгусида ушбу товар ва хизматларга талаб юқори сақланишини кўрсатади.

Даромадлар

Xarajatlar mb 06

Аҳоли даромади сўнгги чоракларда деярли ўзгаришсиз қолди. Бу даврда мавсумий ишлар кўплиги аҳоли бандлиги ва вақтинчалик даромад ошишига сабаб бўлди. Сўровномага кўра, 65 фоиздан юқори аҳоли келаси йилда даромади ошишини кутмоқда. Қарийб 12 фоиз респондентлар эса даромади камайганини айтган.

Келгусидаги даромадлар бўйича кутилмалар соҳалар кесимида турлича шаклланмоқда. Айниқса, кафе-ресторан, ташиш хизмати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, давлат бошқаруви, туризм ва фан- таълим соҳаларида фаолият юритувчи респондентларнинг 70 фоиздан ортиғи келгусида даромадлари ўсишини кутмоқда.

«Истеъмолчи танлови ва хулқ-атворини инсон сифатини оширадиган, келгусидаги даромадларини кўпайтирадиган харажатларга (таълим ва даволаниш, уй-жой) буруш, айни пайтда тўй маросимлари каби самарасиз харажатлардан воз кечишга онгли равишда етиб боришга ундаш каби мураккаб, лекин зарурий ҳаракатларни тўхтатмаслик керак», деб Бакиров блогида ёзди.

Ўзбекстонликларнинг кредит ва жамғарма кайфияти пасайган бўлса-да, харажатлар юқори даражада қолмоқда. Асосий сарфлар уй-жой таъмири, таълим, соғлиқ ва автомобиль харидига йўналтирилмоқда. Иқтисодчилар таъкидлашича, самарали истеъмолни кучайтириш, самарасиз — тўй каби харажатларни камайтириш зарур.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўрта ёш вакиллари уй-жой таъмирлашга, 50 ёшдан юқорилар эса даволаниш каби харажатларга кўпроқ пул сарфлашини хабар берган эдик.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.