Ўзбекистон Каспий денгизида ўз паром қувватларини яратмоқчи

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Лойиҳа Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжон раҳбарларининг учрашувида муҳокама қилинди.

Kasiy

Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юкларни ташиш учун ўз паром қувватларини яратишдан манфаатдор. Бу ҳақда Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон раҳбарларининг учрашувида маълум қилинди.

Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик ҳудудида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, бундай чора асосий бозорларга янада қулай ва қисқа йўл билан чиқиш имконини беради, шунингдек, минтақанинг транзит салоҳияти самарадорлигини оширади.

Энергетика хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кооперацияни чуқурлаштириш ва энергия ресурсларини учинчи мамлакатларга экспорт қилиш йўлакларини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

«Бу борада Европага «яшил» энергия етказиб беришни ташкил этиш лойиҳаси истиқболли экани таъкидланди. Анъанавий углеводородлар борасида Каспий шельфида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва конларни ўзлаштириш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш таклиф этилди», — дейди учрашув ҳақида хабар берган президент матбуот хизмати.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Каспийда ўз паром қувватларига эга бўлиши мамлакатнинг транспорт мустақиллигини мустаҳкамлайди, иқтисодий хавфсизликни таъминлайди ва геосиёсий нуфузини оширади. Хусусан, Каспий денгизи орқали ўз паром қувватларини яратиш орқали Ўзбекистон Европага, Кавказга ва Яқин Шарқ бозорларига қисқа ва қулай йўл билан етиб бориши мумкин.