Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбойжон етакчиларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди

18:20 | 4 дақиқада ўқилади.

«Аваза» миллий туризм зонасида уч давлат етакчилари учрашув ўтказиб, савдо, транспорт, энергетика ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни муҳокама қилди. Саммит якунида эса муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

PresidentФото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида Гурбангули Бердимуҳамедовни БМТ анжумани муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади, Илҳом Алиевни эса Арманистон билан тинчлик декларацияси имзолангани муносабати билан қутлади.

Учрашувда мамлакатларнинг транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш муҳимлиги қайд этилди. Хитойдан Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европага олиб чиқадиган трансқитъавий йўлакларни ривожлантириш режалари муҳокама қилинди. Бу жараёнда Хитой–Ўзбекистон темир йўли ва Трансафғон йўлаги каби лойиҳалар муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон инфратузилмадан самарали фойдаланиш учун юк ташиш тарифларини пасайтиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, портларда замонавий логистика тизимини ривожлантириш, рақамлаштириш ва юк назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Энергетика соҳасида «яшил» энергияни Европага етказиб бериш истиқболли йўналиш сифатида қайд этилди. Каспий денгизида углеводород конларини қидириш ва ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик таклиф қилинди.

Савдо-иқтисодий соҳада сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошгани таъкидланди. Санитария талабларини уйғунлаштириш, рақамли маркировка ва электрон платформалар яратиш орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш режалаштирилди.

Гуманитар соҳада туризм ва маданий алмашинув дастурини қабул қилиш орқали халқлар ўртасида яқинликни мустаҳкамлаш таклиф этилди. Учрашув якунида «йўл харитаси» тайёрлаш ва вазирлар даражасида қўшма механизм ишга туширишга келишилди.

Саммит якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Гурбангули Бердимуҳамедов ва Илҳом Алиев Қўшма баёнот қабул қилди. Транспорт, логистика, кемасозлик, авиация ва товар-хомашё биржалари соҳаларида ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.