Ўзбекистонда судлар рақамлашмоқда: Президент фармонида қандай янгиликлар акс этган?

10:30 | 13 дақиқада ўқилади.

21 август куни «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони имзоланди.

Sud prezident farmoni

Фармондан кўзланган мақсад — ақлли технологияларни қўллаш орқали одамларнинг суддаги шахсий иштирокини максимал камайтириш, қоғозбозлик ва инсон омилини қисқартишиш орқали фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш.

Бугунги кунда мамлакатимиз суд амалиётида бир қатор муаммолар мавжуд бўлиб, улар фуқароларнинг суд тизимидан фойдаланишда бир қатор тўсиқларга дуч келишига сабаб бўлмоқда.

Биринчидан, суд жараёнларига мурожаат қилишда юзага келадиган бюрократик тўсиқлар. Масалан, судга ариза топшириш учун фуқаролар ҳужжатларни тўплаш, уларни нотариал тасдиқдан ўтказиш ва расмийлаштиришга мажбур бўлади. Бу жараён айниқса юридик билимга эга бўлмаган оддий фуқаролар учун жуда мураккабдир.

Иккинчидан, суд ишларининг кўпинча узоққа чўзилиши, қарорларнинг кечикиши ва маълумотларнинг шаффоф эмаслиги фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини пасайтиради.

Учинчидан, суд жараёнларида иштирок этишнинг анъанавий усуллари сақланиб қолган бўлиб, бу фуқароларнинг вақти ва имкониятларининг ортиқча сарфланишига олиб келади.

Масалан, суд мажлисларига шахсан келиш, узоқ навбатларда кутиш ва мураккаб расмиятчиликлардан ўтиш оддий фуқаролар учун катта оворагарчилик туғдиради. Бу муаммолар нафақат фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятларини чеклайди, балки уларнинг давлат институтига бўлган ишончини ҳам камайтиради.

Юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш ва суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий технологиялар, хусусан сунъий интеллект ва ахборот-коммуникация технологияларини кенгроқ жорий этиш зарур. Ушбу технологиялар суд жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва фуқаролар учун қулайликлар яратиш имконини беради.

Сунъий интеллектга асосланган ақлли тизимлар орқали аризаларни электрон тарзда қабул қилиш, ҳужжатларни автоматлаштирилган тарзда кўриб чиқиш ва суд қарорларининг шаффофлигини оширади.

Президент имзолаган Фармон таҳлил қилинадиган бўлса, мамлакатимизда «Рақамли суд» концепцияси босқичма-босқич амалга оширилади. Бунда, 2025 йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида барча рақамли имкониятларни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил этилади. Тажриба натижалари асосида концепция 2026–27 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларда татбиқ этилади

Бундан ташқари, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида бир қатор чоралар белгиланмоқда. Жумладан, эндиликда мурожаатлар судга фақатгина электрон шаклда юборилади ва суд ишлари тўлиқ электрон тарзда юритилади.

Мисол учун, олдинлари аксарият ҳолларда фуқаролар ва тадбиркорлар судга ариза ёки даъво аризасини қоғоз шаклда, суд девонхонасига шахсан бориб топширарди. Бу эса ортиқча вақт ва харажатлар деганидир.

Яна бир муҳим қулайлик — ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади. Бунгача суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиш учун суд ишида раислик қилувчининг рухсати керак бўлган.

Энди суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади. Олдинлари бу жараёнда инсон омили кучли бўлган. Бу янги тартиб тизимда коррупция ҳолатларини кескин қисқартиришга ёрдам беради.

Бошқа бир муҳим янгилик — судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантириш имконияти пайдо бўлмоқда.

Яъни суд жараёни бошланмасдан олдин унинг тахминий натижасини билиш имконияти яратилмоқда.

Бундан ташқари, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади. Суд ҳужжатлари лойиҳалари ҳам автоматик шакллантирилади.

Ҳужжатда суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари ҳам белгиланган. Жумладан, 2025–27 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланди ва унда қуйидагилар назарда тутилди:

  • 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;
  • 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;
  • 2026 йил 1 январдан бошлаб my.sud.uz интерактив хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модулини жорий этиш, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;
  • 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратиш;
  • 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерактив хизматларни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги «Шахсий кабинет» платформасининг фойдаланувчилар учун сунъий интеллект технологияларига асосланган ва янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш.

Фармон билан иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 2026 йил 1 январдан бошлаб  туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари тугатилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилади.

Бунда асосий мақсад — судлар фаолияти самарадорлигини ошириш ва мавжуд ахборот-коммуникация технологиялар соҳасидаги ютуқлардан максимал фойдаланиш орқали тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратиш.

Фармонда рақамли технологияларни жорий этиш орқали суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш бўйича 2025 йил якунига қадар:

  • санкциялар ва мажбурлов чоралари бўйича судларга киритиладиган илтимосномаларни электрон шаклда юритиш мақсадида Олий суд ахборот тизимлари билан тергов органларининг ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилади;
  • судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган барча жарималарни онлайн кузатиш, уларнинг тўлов муддатлари ҳақида огоҳлантириш ва тўловларни электрон амалга ошириш имконини берувчи мобил дастур ишлаб чиқилади;
  • судда иштирок этувчи шахслардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд маълумотларни судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш чоралари кўрилади;
  • 2025 йил 1 октябрга қадар маъмурий жазо қўллаш ваколатига эга вазирлик ва идоралар томонидан маъмурий иш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатларни Ички ишлар вазирлигининг E-ma’muriy ish ахборот тизими орқали судларга тўлиқ электрон шаклда тақдим этиб бориш тартиби йўлга қўйилади.

Фармонда судларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга  алоҳида эътибор қаратилган.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда, 162 та суд учун янги бинолар қуриш, 82 та мавжуд суд биноларини реконструкция қилиш, 93 тасини капитал таъмирлаш ва судьялар учун хизмат уйларини харид қилиш ва таъмирлаш зарурати мавжуд.

Фармонга кўра, 2025–30 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Янги суд биноларини қуришда ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда «Рақамли суд» концепцияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш белгиланди.