Россияда дрон ҳужумлари туфайли йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан мосуво бўлиши мумкин

21:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Украина дронларининг ҳужумлари Россия нефт бозорида чуқур таназзул келтирмоқда — баъзи НҚИЗлар доимий ёпилиш хавфи остида.

Drons

2025 йил август ойида дрон ҳужумлари қайтадан фаоллашди ва камида еттита йирик нефтни қайта ишлаш заводига (НҚИЗ) зиён етказди. Carnegie Endowment мутахассиси Сергей Вакуленко бу ҳужумлар Россиядаги нефтни қайта ишлаш салоҳиятига қайтариб бўлмас зарар етказиши мумкинлигини айтди.

Сизран, Новокуйбишев, Саратов ва Волгоград НҚИЗлари тўлиқ тўхтатилган. «Роснефт»га тегишли Рязан заводи — Москва ва вилоят учун асосий таъминловчи — қувватининг ярмини тўхтатди. Шунингдек, Славян, Афип ва Новошахтин заводлари ҳам ҳужумга учради.

Вакуленко таъкидлашича, бундай кенг қамровли ва бир вақтда амалга оширилаётган зарбалар аввал кузатилмаган эди. Уларнинг мақсади асосий истеъмол ва қайта ишлаш ҳудудларидаги заводларни нобуд этиш. Ҳужум натижасида мамлакат умумий қайта ишлаш қуввати 10 фоизга қисқарди, дейди «Финам» таҳлилчиси Сергей Кауфман.

Дефицитни ёпиш учун ҳукумат бензин экспортини тўлиқ тақиқлади. Бу чора АЗСларга 150 минг тонна ёқилғи қўшиши мумкин, лекин ички талабни тўлиқ таъминламайди. Қримда бензин сотиш учун талон тизими жорий қилинди, Байкалорти, Курил ва Приморйе минтақаларида эса бир неча соатлик навбатлар юзага келди. Биржа нархлари эса августда 40–50 фоизга ошди — АИ-92 нархи тоннаси 72,6 минг рубл, АИ-95 эса 82,2 минг рублга етди.

Муаммоларни аниқ баҳолаш мушкул: ҳукумат ўтган йили НҚИЗларга оид барча маълумотларни махфий қилган. Шу билан бирга, НҚИЗларни таъмирлаш ҳам мураккаблашган — санкциялар оқибатида бутловчи қисмлар ва технологиялар етказиб бериш чекланган. Россиядаги НҚИЗларнинг 80 фоиз ускуналари илгари Европа ва АҚШда ишлаб чиқарилган бўлган. Импорт ўрнини босиш дастурларига қарамай, 2024 йилда фақат 45 фоиз насослар, 40 фоиз компрессорлар ва 30 фоиз реакторлар маҳаллий ишлаб чиқарилган.