Швейцариядаги мактабларда таълим жараёни ноодатий тарзда ташкил қилинган. Бу ерда болаларга эркин ҳаракатланиш, табиатда ўқиш ва амалиёт орқали билиш имконияти кенг берилади. Бундай эркин тизимдан асосий мақсад — болаларда ижодий фикрлаш ва мустақил ўйлашни ривожлантириш.
Масалан, дарслар бир ярим соатлик блокларга бўлиб ўтилади. Уларнинг орасида 20 дақиқалик танаффус бўлади. Бу вақтда болалар қандай об-ҳаво бўлишидан қатъи назар, ташқарда — тоза ҳавода ўйнашади, спорт билан шуғулланишади, ҳатто ўқитувчилар ҳам уларга қўшилади. Кўчада чопмаган болани одатда врачга кўрсатишади, тоби қочдимикин деб. Хуллас, фаол ҳаракатлар болаларни чарчамасликка ва соғлом ҳаёт тарзига ўргатади.
Тушлик учун соат 11:30дан 13:30 гача икки соатлик узоқ танаффус белгиланган. Бу вақтда ўқувчи уйига қайтиши ёки мактабда қолиши мумкин. Шу боис, улар кун охиригача куч ва диққатини йўқотмайди.
Болалар эрталаб 8:15 дан кеча 16:00 гача мактабда ўқишади. Фақат чоршанба қисқа кун бўлиб, ўқиш соат 11:30 гача давом этади.
Болалар ўз фикрини ёзма равишда ифодалаш кўникмасига эга бўлиши учун (бу кўникма тобора йўқолиб бормоқда) «ўқитувчи–ўқувчи» почтаси йўлга қўйилган. Ҳар бир бола ўзининг шахсий почта қутисига эга. У ерга ўқитувчига хат ёзиб қолдиришади ва ёзилган хатга ўқитувчидан шахсан жавоб олади. Бу усул шунчалик машҳурки, болалар эрталаб мактабга келиши билан ўз почта қутиси томон ошиқишади.
Болалар луғатли диктантларни ҳам суратлар остига ёзишади. Яъни, қандайдир сўзни билдирувчи сурат остига шу сўзни тўғри ёзишлари керак. Бунда ўқитувчи матнни ўқиб турмайди. Бу ҳам болаларни ёдлаб қолиш қобилиятини оширади. Бола суратда тасвирланган предмет билан солиштирган ҳолда сўз қандай ёзилишини ёдлаб қолади.
Математикада масалаларни ечишнинг ягона тўғри усули йўқ — ҳар ким ўз усулидан фойдаланади. Бунда бола ўзида мавжуд билимлар билан мисол ёки масаланинг ўзига мақбул ечимини топиш керак. Агар кимдир мавзуни тушунмаса, синфдошлари турли воситалар билан унга ёрдам беришади.
Амалий дарсларда болалар ҳар бир нарсани қўли билан ушлаб, кўзи билан кўриб ўрганади. Буғдой донларини қўлларида ушлаб ўрганишади, сўнгра улар тегирмонга экскурсияга олиб борилади — ун тайёрлаш жараёнини кўришга. Кейин новвой ўша ундан пишириқ пишириб келади. География дарсида эса болалар дарё, тоғлар, ўсимликлар, умуман, табиатни жонли тарзда кузатадилар. «Ўз қўлинг билан яса» меҳнат дарслари эса жисмоний тарбия дарсларидан кам эмас. Бу икки дарс ҳафтада соатлар сони бўйича энг кўп ўтиладиган дарслар ҳисобланади.
Хатолар эса ижодий фикрлашнинг белгиси сифатида қабул қилинади. Синфда «Хатолар париси» ясалади ва бу пари (ўқитувчининг овози билан) болаларга хато қилишдан қўрмаслик кераклигини тушунтиради. Хато қилишнинг ёмон тарафи йўқлиги, чунки хато қилган бола креатив фикрлаб, бирор нарсага уринишдан чўчмаслиги тушунтирилади.
Швейцарияда мактаблар тўлиқ бепул. Ҳатто шифокор маълумотномаси ҳам фақат икки ҳафтадан кўпроқ сабабсиз дарс қолдирилганда талаб қилинади.
Қайд этиб ўтиш керак, Швейцарияда бошланғич мактаб 6 ёшда бошланиб, 6 йил давом этади. Дарслар кантондан кантонга қараб фарқланса-да, одатда немис, француз, инглиз тиллари, математика, табиат ва жамият фанларини ўз ичига олади.
Кейинги босқич — ўрта таълим 3 ёки 4 йилни ташкил қилади ва ўқувчилар кўпинча қобилиятига қараб гуруҳларга бўлинади. Аксарият ўқувчилар академик йўналишдан кўра, касбий таълимни танлайди. Юқори баҳога эга болалар айрим кантонларда бошланғич мактабдан сўнг, бошқаларида эса иккинчи босқичдан кейин гимназияга ўтади.
Гимназия ўқувчилари 13 фанни ўрганиб, 6та йўналиш бўйича давлат имтиҳони топширади. Умумий ўтиш балли билан улар Швейцариядаги ҳар қандай университет ва йўналишга (тиббиётдан ташқари) қабул қилинади.
Асосий фарқлардан бири шундаки, Швейцария таълим тизими касбий билим ва ишга тайёргарликка кўпроқ аҳамият қаратади. Швейцарияда таълим тизими децентрализация қилинган — ҳар бир кантон ўзининг таълим қоидаларига эга.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.