Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида икки шахс ўзларига тегишли бўлмаган 50 сотих ерни 4 млн долларга сотмоқчи бўлганда қўлга олинган. Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотларига кўра, қурилиш объектларини лойиҳалаш билан шуғулланувчи МЧЖ офис менежери ҳамда маклерлик фаолияти билан шуғулланган 1990 йилда туғилган фуқаро тадбиркорнинг ишончига кирган.
Улар Мирзо Улуғбек туманидаги 50 сотих ерни 4 млн АҚШ долларига сотиш бўйича келишиб, аванс сифатида 100 минг доллар талаб қилган. Шунингдек, ерни турар жой тоифасига ўтказиш, коттежлар қурилиши учун рухсатнома олиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига яна 200 минг доллар сўрашган.
Тезкор тадбир давомида фирибгарлар тадбиркордан 200 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Суд қароригa кўра, гумонланувчилар қамоққа олинди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, уларнинг жиноий шериклари шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.