АҚШ президенти Доналд Трамп 21 август куни Truth Social платформасида қилган чиқишида Украина–Россия урушида Киевга ҳужум қилмасдан ғалаба қозониш имкони йўқлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Жо Байден маъмурияти фақат ҳимоя стратегиясини қўллаб-қувватлаган ва бу Украина имкониятларини чеклаб қўйган.
«Босқинчи давлатга ҳужум қилмасдан урушда ғалаба қозониш жуда қийин, ҳатто мумкин ҳам эмас», — деб ёзади Трамп. У буни «фантастик ҳимояси бор спорт жамоасига ўхшатди, лекин унга ҳужумда ўйнашга рухсат берилмаган». Унинг сўзларига кўра, бу каби ҳолатда ғалабага етиш имкони йўқ.
Трамп Байденни «қўпол ва ожиз» деб атаб, унинг сиёсати Украинага фақат мудофаага йўналтирилганини танқид қилди. «Украинага фақат ҳимояланишга рухсат берилди. Урушга киришишга эмас, курашишга эмас. Бу нимани берди?» — деб сўрайди у.
Президент Трамп шунингдек, агар у 2020 йилда президентликни сақлаб қолганида, Россиянинг Украинага ҳужуми умуман содир бўлмас эди, дея таъкидлади. «Агар мен президент бўлганимда, бу урушнинг содир бўлиш ИМКОНИЯТИ НОЛга тенг бўларди», — деб ёзди у.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Владимир Путинга урушни тўхтатиш учун яна икки ҳафта муддат бергани, акс ҳолда тактика ўзгаришини таъкидлагани хабар қилинган эди.