Трамп маъмурияти АҚШ визасига эга 55 млн кишини текширишни бошлади

12:20 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ Давлат департаменти 55 миллиондан ортиқ виза эгасини текшириш жараёнини бошлади, қонунбузарлик аниқланса, визалар бекор қилиниб, эгалари депортация қилиниши мумкин.

Aqshda odamlar

АҚШ Давлат департаменти 55 миллиондан ортиқ амалдаги виза эгаларига доимий текширув ўтказишни бошлади. Бу ҳақда Associated Press нашри хабар берди.

Маълумотларга кўра, текширув жараёнида виза муддати бузилиши, жиноятчилик, жамоат хавфсизлигига таҳдид ва террорчилик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланса, виза бекор қилинади. Агар шахс АҚШ ҳудудида бўлса, у депортация қилиниши мумкин.

Департамент жорий йилдан виза олувчиларнинг ижтимоий тармоқ фаолияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар маълумотлари ва қонунбузарлик ҳолатларини ҳам кўриб чиқишини маълум қилди. Бундан ташқари, интервю жараёнида телефон ва иловалардаги махфийлик созламаларини ўчириш талаб этилади. Бу жараён Америка миллий хавфсизлигини кучайтириш мақсадида олиб борилаётгани таъкидланди.

АҚШда ҳозирда 12,8 млн «green card» эгалари ва 3,6 млн вақтинчалик визада бўлганлар мавжуд. Миграция сиёсати бўйича экспертлар барча виза эгаларига кенг кўламли текширув катта ресурс талаб қилишини таъкидламоқда.

Шунингдек, Давлат котиби Марко Рубио хорижий тижорат юк машина ҳайдовчилари учун ишчи визалар берилишини тўхтатганини эълон қилди. Унинг айтишича, хорижлик ҳайдовчилар америкалик юк ташувчиларнинг даромадини қисқартираётган ва йўлларда хавфсизликни пасайтираётгани қайд этилган.

Президент Доналд Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан бери ноқонуний мигрантларни чиқариш ва талабалар ҳамда алмашинув дастури иштирокчилари визаларини қайта кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Фақат шу ҳафтанинг ўзида 6 мингдан зиёд талаба визаси бекор қилингани маълум қилинди.

Шундан 4 мингга яқини қонунбузарликлар сабаб, 200–300 таси эса терроризмга боғлиқ ҳолатлар учун бекор қилинган. АҚШ маъмуриятининг бу сиёсатлари чет эллик ишчи ва талабаларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп ноқонуний миграцияга қарши курашиш мақсадида Мексика билан чегара деворини қорага бўяшни буюрган эди.