Халқаро террористик ташкилот таъсирига тушиб қолганлар ушланди

10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Наманганда «Ислом давлати» ғоялари таъсирига тушиб, интернет орқали экстремизмни тарғиб қилган 21 киши қўлга олинди.

Dxx

ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда «Ислом давлати» террористик ташкилоти ғоялари таъсирига тушган 21 нафар шахс ушланган. Маълумотларга кўра, гуруҳ Поп тумани Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи шахс атрофида шаклланган. У ижтимоий тармоқларда ноқонуний каналлар очиб, террорчилик ташкилоти ғояларини тарқатиб келган. Ушбу шахс Жанубий Кореяда ишлаб юрган Фарғона вилоятидаги шахс таъсирида диний экстремистик ҳаракатларга жалб қилингани аниқланган.

Терговга кўра, улар ота-оналарининг розилигисиз шаръий никоҳдан ўтиб, кейинчалик жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларга кетишни режалаштирган. Шунингдек, ўз қариндоши ва маҳалладошини ҳамда гуруҳга жалб қилган. Улар тузган каналларда террорчиларнинг қотиллик ва қонли жанговар видеолар тарқатилган, давлат тузумини куч билан ағдариш ғоялари сингдирилган.

Маълум бўлишича, ушбу фуқаролар бир неча маротаба огоҳлантирилган. Бироқ ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан, фаолиятини махфий тарзда давом эттириб келган. Ушланган шахслардан иккитаси ўз қилмишларидан афсусда эканини билдириб, ёшларни интернетдан тўғри фойдаланишга чақирган.

Тезкор тадбир чоғида диний адабиётлар, ахборот ташувчилар ва бошқа ашёвий далиллар олинган. Наманганлик тўрт нафар етакчига нисбатан Жиноят кодексининг 244-1 ва 244-2-моддалари бўйича иш қўзғатилган, улардан иккитасига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Қолган 17 нафар аъзога нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Наманганда «Ислом Давлати Хуросон Вилояти» террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилган эди.