Гиннессга кирган ёшлар, яна рекламада тушган Назарбеков, сўонғич блогерга ҳукм — ҳафта дайжести

21:00 | 17 дақиқада ўқилади.

Ҳафта давомида Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган энг муҳим воқеаларни Vaqt.uzʼда яна бир эсга оламиз.

Dayjest 35

Видеони Youtubeʼда томоша қилинг:
👉https://youtu.be/0WeZ01h6xqI

Президент тадбиркорлар билан юзма-юз учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 август Тадбиркорлар кунида анъанавий тарзда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Яхши анъанага айланган мазкур учрашувлар давлат ва бизнес ўртасидаги муаммоларга амалий ечим топиш учун хизмат қилиб келмоқда.

«Бугун шуни фахр билан айта оламизки, юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган ҳар бир корхона, халқимиз оғирини енгил қилаётган ҳар бир хизмат, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот – сизнинг жасорат билан қилаётган меҳнатингиз, ташаббус ва изланишингиз маҳсулидир», — деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, яратилган шарт-шароитлар туфайли минглаб микро ва кичик бизнес субъектлари қисқа вақт ичида ўрта ва йирик корхоналарга айланди. Масалан, 1600 та микрокорхона бир йил ичида айланмасини 10 миллиард сўмдан ошириб ўрта бизнесга ўтган, 143 та корхона эса 100 миллиард сўмдан кўпроқ айланма билан йирик бизнес қаторига қўшилган.

Статистик маълумотларга кўра, ўтган йили айланмаси 1 трлн сўмдан ошган 203 та корхона бўлган бўлса, бу йилнинг олти ойида яна 47 та йирик корхона вужудга келди. Бизнесни соя иқтисодиётидан чиқариш орқали 139 минг корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайган, 273 минг корхонада иш ҳақи фонди 22 фоизга ошган.

Қайд этиб ўтиш керакки, Президент Шавкат Мирзиёев анъанага мувофиқ 49 нафар тадбиркорларни давлат мукофотлари билан, 112 нафари «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирлади.

Мукофотланганлар орасида илмий ишлари орқали бизнес ривожига катта ҳисса қўшаётган олимлар ҳам бор. Шунингдек, ўтган бир йил ичида яна 52 нафар тадбиркор, деҳқон, фермер ва инвесторлар орден ҳамда медаллар билан тақдирлангани қайд этилди.

Президентнинг тадбиркорлар билан учрашувидан сўнг 5 киши «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, икки тадбиркор «Дўстлик» ордени билан қўшимча тарзда мукофотланди

 

Ўзбекистон ёшлари Гиннес рекордини янгилади

18 август куни «Янги Ўзбекистон» боғида Ўзбекистон ёшлари тарихий ютуққа эришди. Президент администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Ҳилола Умарованинг қайд этишича, 1946 нафар истеъдодли ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида 1946 та кичик роботни йиғиб, улкан натижа қайд этган. Ушбу ютуқ Ўзбекистон номини яна бир бор “Гиннес рекордлар китоби” саҳифаларига ёздиришга сабаб бўлган.

 

Ўзбекистонда ишсизлик 5,1 фоизга тушди

Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси 5,1 фоизни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу давридаги 5,8 фоиз ва икки йил олдинги 8,1 фоиздан пастга тушди. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 15,4 млни иқтисодий жиҳатдан фаол, шундан 14,6 млни расмий равишда иш билан банд ҳисобланади, 781,6 минг киши эса ишсиз сифатида қайд этилди.

Ҳисобот даврида расмий меҳнат улуши 19 фоизга ошган, норасмий сектор эса 13,6 фоизга камайган. Норасмий иш ўринлари асосан қишлоқ хўжалиги ва қурилишда юқори бўлиб, сўнгги етти йилда умумий улуши 60 фоиздан 38 фоизга тушган. Экспертлар бу ҳолатни расмий иш жойларидаги харажатларнинг юқорилиги билан изоҳлайди, президент топшириғига кўра эса меҳнат бозорида соддалаштириш ва самарали шарт-шароит яратиш чоралари кўрилмоқда.

 

Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида ёнғин чиқди

19 август куни тушга яқин Олмазор туманидаги Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида ёнғин содир бўлди. ФВВ маълумотига кўра, қурилиш маҳсулотлари ёнган. Тезкор етиб келган ёнғин-қутқарувчилар ёнғинни соат 11:32 да ўраб олиб, 11:34 да тўлиқ ўчиришган. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов воқеа жойига борган.

Ёнғин бинодаги изоляция қопламаларини ётқизишда технологик талаблар бузилгани сабабли келиб чиққан. Ҳодиса натижасида 19 метр квадрат майдон зарарланган. Бинонинг ички қисми ва экспонатларга зиён етмаган, жабрланувчилар йўқ.

 

Қозоғистон президенти Танзила Норбоевани мукофотлади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевага II даражали «Достық» («Дўстлик») орденини топширди.

«Сизнинг ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Биз барча жиҳатдан Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз», – деган Тўқаев орденни топшираётиб.

 

Озодбек Назарбеков яна рекламада кўриниш берди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков Kokand University хусусий университетининг реклама видеосида иштирок этди. Бу унинг 2024 йилда эркаклар кийимлари дўкони рекламасида кўринганидан кейинги иккинчи ҳолат бўлиб, амалдаги қонунчиликка зид саналади.

«Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра, мансабдор шахсларнинг рекламада қатнашиб, маҳсулот давлат томонидан маъқуллангани таассуротини уйғотиши тақиқланади. Шунингдек, мансабдор шахсга ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш ҳам чекланган.

2024 йилда Озодбек Назарбеков иштирок этган кийим дўкони реклами учун дўконга 23,8 млн сўм жарима солинган, аммо вазирнинг ўзини бунда айбланмаган.

 

Мубашшир Аҳмаднинг суди бошланди

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)га оид жиноят иши судя Бобур Раҳимов раислигида кўриб чиқилди.

Суд жараёни расман очиқ деб белгиланган бўлса-да, унда қатъий чекловлар жорий этилди. Журналистлар суд залига киритилди, аммо камера ва телефон воситаларидан фойдаланиш тақиқланди.

Айблов хулосасига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 244−1-моддаси 3-қисми «г» банди (ОАВдан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернетдан фойдаланиб жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244−3-(Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) моддасида тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида диний материалларни Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатисиз тарқатганини тасдиқлади ва рухсат олмаганини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлмагани билан изоҳлади. Ва айбига қисман иқрор бўлди.

Қолган иккита модда бўйича қўйилган айбловларни тан олмаслигини таъкидлади. Кейинги суд мажлиси 8 сентябр куни ўтказилиши эълон қилинди.

 

«Отамдан қолган далалар» нега тақиқлангани айтилди

Тарихчи Азамат Зиё «Davra» подкастида «Отамдан қолган далалар» фильмининг эфирдан олинишига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, фильмда колхоз тизими, мажбурий меҳнат ва мустамлака белгиларининг мустақилликдан кейин ҳам сақланиб қолгани акс этгани сабабли у тез орада «қора рўйхат»га тушган.

Зиё таъкидлашича, ўзбек жамияти мустақилликдан кейин ҳам советча бошқарув усулида яшашда давом этган. Шу сабабли фильм жамиятда катта резонанс уйғотган. Унинг фикрича, Шавкат Мирзиёев халқни пахта қулчилигидан озод қилганини ҳали тўлиқ англаб етмаганмиз.

 

Блогер «Абдуллоҳ» Президентга тажовуз қилишда айбдор деб топилди

«Абдуллоҳ» номи билан танилган блогер Валерий Югай 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Қайд этилишича, 1999 йилда Тошкент вилоятида туғилган блогер жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар судининг ҳукми билан Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми ва 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Блогер 2024 йилнинг октябр-ноябр ойларида Корея Республикасида бўлиб турган вақтида ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкин бўлган, миллий қадриятни таҳқирловчи ҳамда диний эътиқодга кўра, фуқароларни камситувчи сўзлар билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қатор ҳақоратли чиқишлар қилиб борган.

 

Энди ходимга иш ҳақи ҳар куни тўланиши мумкин

Бу борада Ўзбекистонда янги тизим жорий этилади: ишчи хохласа, меҳнати учун ҳақни шу куннинг ўзида олади. Президент қарорига кўра, бу 2025 йилдан тажриба тариқасида амалга оширилади.

Янги қоида «шу куннинг ўзида» деб номланади. Унга кўра, ишчи билан электрон шартнома тузилади ва иш ҳақи электрон ҳамёнга туширилади. Энг муҳими, барча солиқ ва йиғимлар ҳам автоматик ҳисобланиб, ўз вақтида тўланади.

Бу тизим фақат ихтиёрий бўлади, яъни иш берувчи хохласа, доимий ойлик тўлов тизимида қолиши мумкин. Шу билан бирга, қонунчиликнинг бошқа талаблари ҳам ўз кучида қолади.

Янги тартиб кичик бизнес ва ўзини ўзи банд қилганлар учун ҳам енгиллик олиб келади. 2026 йилдан уларнинг солиқ тартиблари соддалаштирилади, айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади.