Жиззахда Айдаркўл қирғоғида янги аэродром очилди

10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Айдаркўлда қурилган янги аэродромнинг биринчи қўниши CASA C295W ҳарбий самолёти томонидан амалга оширилди.

Yangi aerodrom

Жиззах вилояти Арнасой туманида янги аэродром ишга туширилди. Учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 1700 метр, эни эса 30 метрни ташкил қилади. Аэродром икки тўхташ майдони ва кичик терминалга эга бўлиб, асосан L-410 ва ATR-72 каби минтақавий самолётларни қабул қилишга мўлжалланган.

Мазкур аэродромнинг биринчи синов парвози CASA C295W ҳарбий транспорт самолёти орқали амалга оширилди. Шу тариқа Арнасой аэродроми расман ўз фаолиятини бошлади. Ўтган йилларда Ўзбекистонда бир қатор янги аэропортлар ишга туширилган эди.

Хусусан, Зомин, Қўқон ва Сариосиёдаги аэропортлар биринчи рейсларни қабул қилди. Айдаркўл қирғоғида қурилган аэродром ҳам шу жараённинг давоми сифатида мамлакат туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, янги аэродром келгусида Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги курорт мажмуаси учун муҳим транспорт тугунига айланиши мумкин. Бу эса Жиззах вилоятини маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун янада очиқ қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Айдар-Арнасой қирғоқларида замонавий туризм маркази барпо этилиши ҳақида хабар берган эдик.