Лондоннинг кенг жамоатчиликка таниш Ноттинг-Ҳилл-Гейт маҳалласида жойлашган ва ҳозирда шаҳарнинг энг ингичка уйи сифатида танилган бинога харидор изланмоқда. Уйнинг эни ҳаммаси бўлиб 213 сантиметрни ташкил этади ва у ҳозирда 1 млн 195 минг фунт-стерлинг нархда сотувга қўйилган, деб ёзмоқда Британиянинг Daily star нашри.
Бу 1930-йилларда қурилган тор уй умумий 49 метр квадрат майдонни эгаллайди. 1950-йилларда у косметик таъмирдан ўтказилиб, унга махсус руҳли ёпма, ажойиб витраж эшик ва аждаҳо боши шаклидаги махсус сув оқар нов каби безаклар қўшилган.
Уйда иккита ётоқхона, иккита ҳожатхона ва душ хоналари, очиқ режали ошхона ва овқатланиш майдони, паркет ёпилган пол ва декоратив камин бор. Иккинчи қаватда ёзги терраса ва қабулхона жойлашган. Энг юқори қаватда эса кенг ойнали иккинчи ётоқхона ва катта ваннахона мавжуд.
Бу уй Кенсингтон саройидан икки қадам узоқликда жойлашгани боис, жуда бой ва нуфузли мижозлар учун мўлжалланган.