Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юк ташиш жараёнида юзага келаётган кечикишларни бартараф этиш мақсадида Туркманистон ва Озарбойжонда ишлаб чиқарилган паромларни харид қилишни кўзламоқда. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Oʻzbekiston 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Транспорт Вазирнинг сўзларига кўра, юк ташиш ҳажми ортиб бораётган Каспийда юклар 30–40 кунгача туриб қолмоқда. Ўзбекистонга тегишли паромлар бўлса, ушбу жараённи анча тезлаштириш имкони пайдо бўлади.
«Туркманистон ва Озарбойжонда замонавий кемасозлик заводлари мавжуд. Бугунги музокараларда шу корхоналарда тайёрланган кемаларни харид қилиш масаласини муҳокама қилдик. Техник ва тижорат жиҳатларини аниқлаштириш учун тегишли ҳужжат имзоланди», — деди Илҳом Маҳкамов.
Маълумот учун, 2023 йил август ойида Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари Транскаспий йўлагини ривожлантириш доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда учинчи мамлакат портларида омборлар қуриш бўйича келишувга эришган эди.
Озарбойжоннинг Trend нашри хабарига кўра, 2023 йил сентябрда икки давлат 150 млнлик паром ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам муҳокама қилган. 2024 йил 2 июлда эса транспорт вазирликлари ўртасида денгиз йўллари ва кемасозлик бўйича ҳамкорлик баённомаси имзоланди.