Фарғона вилоятида 2,6 млрд сўмлик мониторларни арзон код остида яширмоқчи бўлганлар ошкор этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
«Водий» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлик субъекти номига олиб кирилган 2 876 дона монитор декларацияда «суюқ кристалли дисплей» сифатида кўрсатилган. Аммо текширувда улар аслида «суюқ кристалли рангли монитор» экани маълум бўлди. Кодларнинг бундай сохталаштирилиши орқали давлат божидан қочиш мақсад қилинган.
Мазкур мониторларнинг умумий қиймати 2,6 млрд сўмдан ортиқ. Агар улар расмий равишда тўғри код билан импорт қилинганида, давлат бюджетига қўшимча 350 млн сўм тушган бўлар эди. Мутасаддилар бу маблағ билан энг кам пенсия олувчи 44 нафар фуқарони бир йил давомида таъминлаш мумкинлигини қайд этди.
Фарғона божхонаси маълумотига кўра, жорий йилда аниқланган 3 та шунга ўхшаш ҳолатда давлат бюджетига 520 млн сўм тушумнинг йўқотилиши олди олинган. Масъуллар буни мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган қонунбузарлик деб баҳоламоқда.
Шунингдек, Фарғона вилоятида жорий йил бошидан буён 1,2 мингдан ортиқ контрабанда ва божхона қонунбузарлиги ҳолати фош этилган. Бу жараёнда қиймати 55,4 млрд сўмлик товар ва моддий бойликларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда ва божхона текширувлари давом этмоқда.