Туркия ва Озарбойжон янги темир йўл қуришни бошлади

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Туркия «Қарс–Иғдир–Аралиқ–Дилужу» темир йўл қурилишини бошлади. Лойиҳа «Зангезур коридори»нинг бир қисми бўлиб, Озарбойжоннинг асосий ҳудудини Нахичивон эксклави билан боғлашни кўзлайди.

Kars dilucu

Жанубий Қафқазда янги логистика даври бошланди — Туркия «Қарс–Иғдир–Аралиқ–Дилужу» темир йўлини қуришга киришди. Ушбу линия турк ҳудудидаги Қарс вилоятини Озарбойжоннинг Нахичивон эксклави билан боғлайди ва «Зангезур коридори»нинг таркибий қисми сифатида кўрилади, деб хабар бемоқда TRT World.

Туркиянинг транспорт ва инфратузилма вазири Абдулқодир Ўралўғлунинг айтишича, ушбу қурилиш «Жанубий Қафқазда тинчлик ва фаровонликнинг янги даврини бошлайди». Унинг таъкидлашича, коридор фойдаланишидан Туркия 30 йилда 3,6 млрд доллар даромад олишини кутмоқда.

Темир йўл узунлиги 224 км бўлиб, йилига 5 млн нафар йўловчи ва 15 млн тонна юк ташишга қодир бўлади. Бу Хитой ва Европани боғловчи транзит вақтни 18 кунгача қисқартиради. Лойиҳа 2,4 млрд еврога баҳоланмоқда ва 5 йил ичида якунланиши режалаштирилган.

Озарбойжон ҳудудида эса 150 км темир йўл таъмирланиши ва 20 км янги йўл қурилиши режалаштирилмоқда. Туркия лойиҳанинг икки давлатдаги ишларини бир вақтда якунлашни режа қилмоқда.

8 август куни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШ президенти Доналд Трамп воситачилигида тинчлик келишувини имзолаган эди. Келишув доирасида «Зангезур коридори»ни барпо этиш назарда тутилган бўлиб, у расман «TRIPP — Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп маршрути» деб номланган.